Пул йиғиш – иқтисодиёт алифбосининг муҳим тамойилларидан бири ҳисобланади. Бу жуда элементар масалага ўхшайди, аслида эса жуда қийин ишлардан бири. Бой бўлиш сирлари ҳақида сўз борар экан, топилган даромаднинг маълум қисмини жамғариб бориш тавсия этилади.
Жамғардик ҳам дейлик, лекин уни уйда сақлаш тўғри иш эмас. Чунки, жойи чиқади-ю, ишлатиб юборганингизни билмай қоласиз. Яхшиси, пулни банкларда сақлаган афзал. Бунда, бир томондан пулнинг хавфсизлиги таъминланади, қолаверса, омонатга қўйилган пул маълум миқдорда кўпайиб боради. Энг муҳими, давлатимиз томонидан банклардаги омонатлар кафолатларини таъминлаш тизими яратилган.
Жорий йил 19 февралда кучга кирган “Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги қонун бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди. Эслатиб ўтамиз, ушбу қонуннинг фақат 20-моддаси жорий йил 19 майда кучга кирди.
Қонун билан банклардаги омонатларни ҳимоялашнинг қандай янги тизими ишга туширилди? Қонуннинг 20-моддасида нималар назарда тутилган?
ЎзА мухбири Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев билан шу ҳақда суҳбатлашди.
– Банк-молия тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш ва омонатларни кафолатлаш тизимини ислоҳ қилиш, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш учун ушбу қонун қабул қилинди. Жаҳон банки экспертлари кўмагида ишлаб чиқилган қонуннинг мақсади омонатчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатли ҳимоя қилинишини таъминлаш ва аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашдир.
– Қонунни ишлаб чиқиш зарурати айнан қайси масалаларга бориб тақалади?
– Жисмоний шахс бўлган кўплаб мижозларга хизмат кўрсатиб келаётган ва энг кўп филиал тармоғига эга бўлган банк – Халқ банки омонатларни кафолатлаш тизимида иштирок этмас эди. Шу сабабдан Халқ банкига жойлаштирилган омонатлар давлат томонидан кафолатланган.
Бу ҳолат бошқа банклардаги омонатлар Фуқароларнинг омонатларини кафолатлаш фонди томонидан тўла ҳажмда кафолатланганини ҳисобга олган ҳолда, омонатчилар нуқтаи назаридан рақобат муҳитининг сезиларли ўзгаришига олиб келмади.
Халқаро тажрибага мувофиқ, омонатларни чекланган миқдорда кафолатлаш тизимига ўтилиши ҳамда биргина банкнинг мазкур тизимдан четда қолдирилиши ва мазкур банкдаги омонатларнинг тўлиқ ҳажмда кафолатланиши бозор мувозанатига, шунингдек, хусусий молия сектори ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу муносабат билан, бошқа тижорат банклари билан бир хил шароитда рақобатлашиши учун Халқ банкидаги омонатларни давлат томонидан кафолатлаш тизимини бекор қилиш ҳамда мазкур банкни фонднинг тўлақонли аъзосига айлантириш мақсадга мувофиқ ҳисобланди.
Эндиликда омонатларни кафолатлаш тизимига аъзолик барча тижорат банклари учун бир хил, яъни мажбурий бўлди.
– Омонатларни кафолатлаш ҳажми миқдор жиҳатдан ўзгарганини қандай тушуниш керак?
– Омонатларни кафолатлаш ҳажми миқдор жиҳатдан чекланган бўлиши ва кўпчилик омонатчиларга нисбатан татбиқ этилиши лозим.
Ўзбекистонда 2008 йилнинг охиригача фуқароларнинг омонатлари бўйича ҳақ тўлашнинг максимал миқдори энг кам иш ҳақининг 250 бараварига тенглаштирилган эди. Бироқ, жаҳон молиявий инқирози даврида омонатнинг миқдоридан қатъий назар, уни тўлиқ ҳажмда қоплаб бериш амалиёти жорий этилди.
Қонун билан бир банкда бир омонатчига тўланадиган компенсация, агар кафолатлаш объектининг миқдори икки юз миллион сўм ёки ундан кам бўлса, кафолатлаш объекти қолдиғининг тўлиқ ҳажмини, агар кафолатлаш объектининг қолдиғи икки юз миллион сўмдан кўп бўлса, икки юз миллион сўмни ташкил қилиши белгиланди.
Омонатларни қоплаш бўйича чеклов мавжуд бўлмаганда, омонатчилар омонатларнинг қайтарилиши кафолатланганига таяниб, банкнинг молиявий ҳолати ва фаолият таваккалчилиги билан қизиқмасдан ўз маблағларини юқори фоизли омонатларга жойлаштиради.
Кафолатлаш миқдорини чеклаш банк тизими барқарорлигини таъминлаш ҳамда омонатчилар ва банкларнинг масъулиятсиз хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган бозор интизомини рағбатлантиришнинг зарур шарти ҳисобланади.
– Банклардаги омонатларнинг ҳимоя қилиниши кафолатини қайси орган мувофиқлаштириб боради?
– Банклардаги омонатларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлаш соҳасидаги ваколатли орган - Омонатларни кафолатлаш агентлиги ҳисобланади.
Қонунда агентликнинг фаолияти ва унинг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди. Агентлик Марказий банк, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа орган ва муассасалар билан ҳамкорликда фаолият олиб боради.
Агентликнинг кузатув кенгаши – Агентликнинг юқори бошқарув органи. Кенгаш беш нафар аъзодан иборат бўлиб, унинг таркибига Марказий банк раиси, Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон банклар ассоциациясининг тегишинча мазкур давлат органи ва ташкилот томонидан тайинланган биттадан вакили ҳамда фуқаролик жамияти институтининг Марказий банк томонидан тайинланадиган вакили киради.
Марказий банк раиси кенгаш раиси ҳисобланади. Раис ўринбосари кенгаш аъзолари орасидан сайланади. Кенгаш аъзоларининг ваколатлари муддати улар тайинланган кундан эътиборан беш йилни ташкил этади, бундан кенгаш раиси мустасно.
– Омонатларни кафолатлаш агентлиги айнан қандай ишларни амалга оширади?
– Агентлик кафолатлаш тизими, банкларнинг кафолатлаш тизимида иштирокига эътибор қаратади. Кафолатлаш тизими маблағларини бошқариш, Кафолатлаш фонди маблағлари манбалари ва мазкур маблағлардан фойдаланиш, Кафолатлаш фонди тақчиллигини молиялаштиришни амалга оширади.
Кафолатлаш объектлари, кафолатланган омонатлар миқдори ва улар бўйича компенсация тўлаш тартибини белгилайди. Компенсация миқдори, компенсация тўлаб беришнинг умумий принциплари, компенсацияларни тўлаб бериш тартиби, омонатчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайди. Кафолатлаш тизими ишлаши тўғрисида жамоатчиликни хабардор этиб боради.
Самарали тарзда шакллантирилган омонатларни кафолатлаш тизими молиявий барқарорликни таъминлашнинг асосий элементи ҳисобланади.
Марказий банк томонидан банкнинг лицензияси чақириб олинганда, омонатчиларнинг маблағлари тезкорлик билан Агентлик томонидан Кафолатлаш фонди маблағлари ҳисобидан қайтариб берилиши керак. Бу бошқа банклардаги омонатчилар ўз пул маблағларини оммавий ечиб олиши (“bank run”)нинг олдини олиш орқали банк-молия тизимидаги барқарорликни сақлаб туришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, омонатларнинг оммавий ечиб олинишининг олдини олишга қодир бўлган омонатларни кафолатлаш тизими мавжуд бўлганда, регуляторга муаммоли банкларни бозордан чиқариш бўйича тезкор чоралар кўриши қулай ва осон бўлади.
– Қонуннинг 20-моддасида нималар назарда тутилган?
– Қонуннинг 20-моддаси “Махсус бадал” деб номланган. Махсус бадал, деганда календарь бадалга қўшимча равишда Фуқароларнинг омонатларини кафолатлаш фондига тўланадиган пул маблағлари тушунилади.
Махсус бадал фонд маблағларининг ҳақиқатдаги ёки эҳтимолдаги тақчиллигини бартараф этиш ва (ёки) компенсациялар тўлаш ёки санация воситаларини қўллаш учун жалб этилган қарз маблағларини тўлаш, шунингдек, фонд маблағларидан фойдаланилганидан кейин унинг маблағларини белгиланган муддатларда мақсадли миқдорга етказиш учун белгиланади.
Махсус бадаллардан Агентликнинг маъмурий харажатларини молиялаштириш учун фойдаланилиши мумкин эмас.
Кенгашнинг махсус бадални белгилаш тўғрисидаги қарори Марказий банк билан келишилиши лозим. Мазкур қарорни келишишда Марказий банк махсус бадал тўланишининг Ўзбекистон Республикаси молиявий барқарорлиги ва банкларнинг молиявий ҳолатига таъсирини ҳисобга олади.
Агар Марказий банк махсус бадални тўлаш бир банкнинг ёки бир нечта банкнинг тўлов қобилиятига таҳдид солиши мумкин, деган қарорга келса, Марказий банк Агентликдан мазкур банкка (банкларга) махсус бадални тўлаши учун олти ойдан ортиқ бўлмаган бошқа муддат белгиланишини талаб қилиши мумкин. Бунда, Марказий банк Агентликнинг махсус бадални белгилаш тўғрисидаги қарори келиб тушган кундан эътиборан ўн кун ичида Агентликка қабул қилган қарори тўғрисида хабар бериши керак.
Агентлик кенгашнинг махсус бадални белгилаш тўғрисидаги қарори Марказий банк билан келишилган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай банкларни ва молиявий барқарорлик бўйича тузиладиган махсус кенгашни хабардор қилади. Бунда, махсус бадални белгилаш асослари, банк томонидан тўланиши лозим бўлган суммалар, банк хабардор қилинган кундан эътиборан ўн кундан кам бўлмаган тўлов муддати белгиланган талабларнинг инобатга олингани кўрсатилган бўлиши шарт. Махсус бадални тўлаш банкни календарь бадални тўлаш мажбуриятидан озод этмайди.
Хулоса қилиб айтганда, қонун омонатчиларнинг мулкий ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилишга хизмат қилади. Банкларга бўлган ишончнинг ортишини таъминлайди.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.