Банклар 2020 йилни қандай якунлади?
Таҳлилларга кўра, банк тизимида 2020 йилда олинган жами соф фойда 5,642 миллиард сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 20,5 фоизга ошган.
“Банк ва молия” – @bankvamoliya каналининг тижорат банклари маълумотлари асосида маълум қилишича, “Ўзмиллийбанк” АЖ (905 миллиард сўм), «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ (798 миллиард сўм), “Акциядорлик тижорат Халқ банки” (505 миллиард сўм) ва «Ипотека-банк» АТИБ (483 миллиард сўм) энг кўп соф фойда олган банклардир.
“Ўзагроэкспортбанк” АТБ (3 миллиард сўм) ва «Hi-Tech bank» ХАТБ (2 миллиард сўм) энг кам соф фойда олган банклар қаторидан ўрин олган.
“TBC Bank” АТБ эса йилни 22 миллиард сўм зарар билан тугатган.
“Микрокредитбанк” АТБ ўтган йилга нисбатан соф фойдасини деярли 15 баробар, “Акциядорлик тижорат Халқ банки” 5 баробар, "Пойтахт банк" АЖ ва “Асакабанк” АЖ 2 баробардан ортиқ оширишга эришган.
«Hi-Tech bank» ХАТБ соф фойдаси ўтган йилга нисбатан 80 фоизга, «Ravnaq-bank» АЖники 65 фоизга, “Туркистон” банкида эса 55 фоизга кескин камайиб кетган.
Умуман олганда, 19 та банк ўртача 20 фоизлик банк тизими ўсишидан паст натижани қайд этиб, булар орасида 9 таси ўтган йилга нисбатан кам пул ишлаб топган.
Кўриниб турибдики, кўплаб тижорат банкларининг молиявий натижалари ўтган йиллардаги каби қониқарли эмас. Ўтган йилда пандемия туфайли молиявий қийинчиликларни бошидан ўтказган аксарият тижорат банкларида кредитлар бўйича даромадларнинг кечиктирилгани ва мижозларнинг молиявий ҳолати ёмонлашгани каби сабаблар, банклар, айниқса, хусусий банклар фаолиятига салбий таъсирини ўтказган.
ЎзА.