Банк ходимлари тадбиркорлар ҳузурида
Банклар томонидан маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш бўйича Марказий банк томонидан соҳалар бўйича тадбиркорлар билан учрашув ташкил қилиниб келинмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири Бухорода туризм ва ипакчилик йўналишидаги тадбиркорлар билан ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари А.Олимов, вилоят туризм бошқармаси, вилоят ипакчилик уюшмаси, Савдо-саноат палатаси масъуллари ва тижорат банклари раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда иштирокчиларга туризм ва пиллачилик йўналишида амалга оширилаётган ишлар, берилаётган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шундан сўнг, 40 нафардан ортиқ тадбиркорларнинг муаммо ва таклифлари эшитилди. Мурожаатлар асосан кредит ажратиш, коммунал соҳа, солиқ ҳамда бошқа йўналишларда келиб тушди.

Тушган мурожаатлар юзасидан зарурий чора-тадбирлар белгиланди ва тегишли вазирлик, идораларга ижросини таъминлаш учун юбориш бўйича келишиб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.