Банк вақтида бермаган кредит олиб берилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Когон туманидаги Халқ қабулхонсига жорий йилнинг биринчи ярмида жисмоний ва юридик шахслардан 612 та мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларнинг 607 таси кўриб чиқилган. 235 таси юқори ташкилотларга юборилган. 4 та мурожаат кўриб чиқиш учун халқ қабулхонасида қолдирилган. 433 таси қаноатлантирилган.
Туманнинг “Тун Ироқ”, “Хўжа Якшаба” ва “Сиёз Поён” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисининг туман Халқ қабулхонасига қишлоқларни ичимлик суви билан таъминлашни сўраб қилган мурожаати ижобий ҳал қилинди. Натижада “Сиёз Поён” МФЙ ҳудудидаги сув иншооти 5 миллиард. сўмга таъмирланиб ишга туширилди. Эндиликда ушбу иншоот сувидан туманнинг “Тун Ироқ” ва “Хўжа Якшаба” МФЙ аҳолисига ҳам қувурлар тортилмоқда.Умуман олганда, иншоотнинг ишга туширилиши туфайли йил якунига қадар қарийб 10 минг аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлади.
–“Ҳукуматобод” МФЙ Сабиён қишлоғи аҳолиси номидан туман Халқ қабулхонасига мактабгача таълим муассасаси қуриш учун мурожаат қилгандим, – дейди фуқаро Самия Тўраева. – Қилган мурожаатимга асосан ушбу қишлоқда 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қуриб фойдаланишга топширилди. Бундан аҳоли жуда ҳам мамнун.
Когон тумани Когон МФЙ Маллапўш қишлоғида яшовчи, “Темир дафтар”да рўйхатда турувчи фуқаро Назокат Турсунова жорий йилнинг 19 апрель куни имтиёзли кредит олиш учун АТ Халқ банки Когон филиали билан шартнома имзолайди. Бироқ мазкур шартнома бўйича кредит ажратиб берилмаганлиги сабабли Когон туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилади.
–Банк томонидан кредит чиқаришда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилдим, – дейди Назокат Турсунова. – Ушбу кредит, бир бош қорамол учун “Раҳмонов Мирзоҳид даласи” деҳқон хўжалиги билан тузилган шартномага асосан қорамол сотиб олиш учун мазкур йилнинг февраль-март ойларида тузилган эди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишим учун “Тадбиркор аёл” сертификатини ҳам олганман. Банк томонидан кредит чиқарилмаганлиги сабаб Когон тумани Халқ қабулхонасининг аралашуви билан мурожаатим ижобий ечим топди. Кредит чиқарилиб, бир бош қорамол олдим.
[gallery-3320]
Зариф Комилов,
Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА