Банк тизимидаги фаол ва лидер аёллар
Ипотека-банк Касаба уюшмаси ташабуси билан “Банк тизимида раҳбар аёллар роли, гендер тенглиги” мавзусида семинар ўтказилди.
Банкда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ аёллар иштирокидаги тадбир Зомин тоғ ён бағрида, хушманзара табиат қўйнида ташкил этилди.

Семинарда банк тизимида хусусан, банк бошқарувида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришларда тингловчи бўлиб эмас, балки ислоҳотчи сифатида қатнашиш кераклиги алоҳида таъкидланди. Тадбирда миллат маънавиятининг юксалишида оиланинг ўрни ва таъсири ҳақида сўз борди. Бу борада шарқнинг буюк алломалари асарларидан мисоллар келтириб ўтилди. Буюк миллат ривожида оқила аёл, меҳрибон онанинг роли ниҳоятда беқиёс. Зеро ҳақиқий ватанпарварлик, чин фидоийлик ҳаётнинг илк сабоқлари оила бағрида она тарбияси билан шаклланади.
Семинарда банк бошқарувига аёл раҳбарларни жалб этиш орқали банк-молия тизимида лидер аёллар қатламини шакллантириш чунончи, кичик ва ўрта бизнесда хотин-қизлар ролини ошириш ҳамда аёллар тадбиркорлигининг янги шаклларини изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир давомида аёллар бошқарувидаги кичик ва ўрта бизнес корхоналарини кенг қамраб олиш ва салоҳиятини ошириш юзасидан янгича йўналишда иш олиб бориш масаласи муҳокама этилди. Ўз бизнесини очишни мўлжаллаган хотин-қизларга ҳар томонлама ёрдам бериш, ахборот ва маслаҳат орқали қўллаб-қувватлаш, кредит маблағларидан оқилона фойдаланиш, молиявий саводхонликни ошириш юзасидан банкда олиб борилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Очиқ давра суҳбати кўринишида ташкил этилган семинар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Шоира Юлдашева,
"Ипотека-банк" АТИБ Касаба уюшмаси раиси