Банк тизими модернизация қилинмоқда
Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида "Ўзбекистон банк тизимини модернизация қилиш" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Онлайн тадбирда Россия, Германия, АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар банк тизимининг халқаро экспертлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбирда халқаро экспертлар иштирокида юртимиздаги банкларни модернизация қилиш масаласи таҳлил қилиниб, бунинг учун молия муассасаларининг инновация, мижозларга эътибор, корпоратив бошқарув, ишончлилик ва молиявий барқарорлик, инвесторлар учун жозибадорлик ва ошкоралик, ижтимоий жавобгарлик, рақамлаштириш сингари параметрлари ўрганиб чиқилди.
Халқаро мутахассисларнинг банк соҳасига доир долзарб муаммолар бўйича Ўзбекистон банк секторидаги корпоратив бошқарув ва трансформация жараёнларини ривожлантиришга бағишланган 10 дан ортиқ маърузалари тингланди.
Конференциянинг иккинчи қисмида Банк-молия академияси томонидан ташкил этилган учинчи “Кейс чемпионат” натижалари сарҳисоб қилиниб, ғолиблар тақдирланди.
Таъкидлаш керакки, мазкур “Кейс чемпионат” бошланганидан буён унда 4 мингдан ортиқ иштирокчи қайд этилган бўлиб, бу галги мусобақада иштирок этиш истагини билдирганлар сони эса 800 дан ошди.
Саралаш босқичлари натижаларига кўра, 40 га яқин жамоа банк тизимини ўзгартириш, молиявий саводхонлик, инвестциялар, иқтисодиётни монополиядан чиқариш, молия ва иқтисодиётни эркинлаштириш каби 6 номинация бўйича беллашди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА