Банк кредити самарали ишлатилган
Жиззах шаҳрида аҳолининг санитария-эпидемиологик ҳолатини яхшилаш мақсадида Осиё тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобидан кунига 30 минг куб метр оқова сувни тозалаш қувватига эга замонавий иншоот қурилиб, фойдаланишга топширилгани ҳақида аввал хабар берган эдик.
Осиё тараққиёт банки вакиллари мазкур ажратилган кредит маблағининг самарали ишлатилганлигини ўрганиш учун Жиззах шаҳрига келди. Банк кредит маблағлари эвазига барпо этилган оқова сув тозалаш иншоотлари ҳамда канализация насос станцияларининг ишлаши, шаҳар бўйлаб тортилган 51 километр тармоқнинг техник ҳолати ва самарадорлиги ўрганилди.

Мутахассислар Жиззах эркин саноат зонасидаги корхоналар томонидан оқова сувни чиқаришга мўлжалланган локал тармоқлар мавжудлиги, шунингдек, оқова сув тизимидан илк бор фойдаланаётган маҳаллаларда яшовчи аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.

Осиё тараққиёт банки вакиллари ўрганишлардан сўнг ажратилган кредит маблағларидан ўз ўрнида ва самарали фойдаланилгани ва оқова сув тозалаш иншоотлари ҳамда канализация насос станциялари кўнгилдагидек ишлатилаётганини алоҳида қайд этди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири