Банк хизматлари такомиллашиб бормоқда
”Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки Миллий матбуот марказида иқтисодиётнинг йирик тармоқларидаги лойиҳаларни молиялаштириш борасида белгиланган чора-тадбирлар, эришилган натижа ва муаммолар ечимига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди.
”Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки Миллий матбуот марказида иқтисодиётнинг йирик тармоқларидаги лойиҳаларни молиялаштириш борасида белгиланган чора-тадбирлар, эришилган натижа ва муаммолар ечимига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди.
“Ўзсаноатқурилишбанк” тизимида иқтисодиётнинг йирик тармоқларидаги лойиҳаларни молиялаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хорижий кредит линиялари фаол жалб қилиниб, молиявий имкониятлар оширилмоқда, кредит портфелини тақсимлашда юқори самарали лойиҳаларга катта эътибор қаратилмоқда. Бизнес жараёнларини автоматлаштириш, шу жумладан, корпоратив мижозларга мўлжалланган масофавий хизматларни янгилаш ишлари кучайтирилмоқда.
Банк томонидан катта ишлаб чиқариш (ёки хизмат кўрсатиш)га эга корхоналарнинг лойиҳалари банкнинг ўз маблағларидан ташқари чет эл молия муассасалари кредит линиялари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
“Ўзсаноатқурилишбанк” бошқаруви раиси ўринбосари Зафар Азимовнинг таъкидлашича, банк томонидан бугунги кунга қадар иқтисодиётимизнинг базавий тармоқлари корхоналарига қарийб 30 триллион сўмга яқин кредит ва молиявий хизматлар кўрсатилди. Жумладан, нефт-газ тармоғига 13 триллион, кимё саноати тармоғига 6 триллион, металлургия тармоғига 1 триллион сўмлик ва бошқа тармоқларга молиявий хизматлар кўрсатилган. Мазкур тармоқлардаги йирик лойиҳаларга қўшимча тарзда бу йил 6 триллион сўмдан ортиқ кредитлар ажратилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, банк Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан Давлат инвестиция дастурларидан ўрин олган лойиҳаларни молиялаштиришда фаол қатнашмоқда.
Ишлаб чиқариш объектларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтириш ва энергия тежамкорлигини оширишга қаратилган “Green banking” тизими асосида молиялаштириш механизмларини жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Йирик тармоқларидаги лойиҳаларни молиялаштиришда банк қошида ташкил этилган Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш маркази фаолияти алоҳида аҳамиятга эгадир. Марказда маҳаллий тадбиркорлар ва чет эллик инвесторларга “Ягона дарча” тамойили асосида ҳам техник, ҳам молиявий томонлама “кредит супермаркети” сифатида хизматлар кўрсатилмоқда.
“Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан корпоратив мижозлар учун 24/7 режимида ишловчи онлайн банк ҳамда “Корпоратив интернет-банкинг” дастури маҳсули бўлган хорижий валютани онлайн буюртманома асосида сотиб олиш имконини берувчи замонавий интерактив хизматлар жорий этилган. Шунингдек, банк тизимида мижозларга масофадан хизмат кўрсатишга мўлжалланган “Корпоратив интернет банкинг” ва “UzPSB Mobile Business” дастурлари ҳам янги хизматларга мос равишда такомиллаштириб борилмоқда.