Банк хизматлари намойиши
Жиззахда “BankExpo – 2015” банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари миллий кўргазмаси бўлиб ўтди.
Жиззахда “BankExpo – 2015” банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари миллий кўргазмаси бўлиб ўтди.Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрдаги “2011 – 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Банк мижоз учун” шиори остида ташкил этилган тадбирда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Кўргазмада молия муассасаларининг имкониятлари ҳамда банк кўмагида фаолиятини изчил кенгайтириб бораётган тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари намойиш этилди.
Ўтган йили вилоятда тадбиркорлик субъектларига 265 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари 7,9 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар олди. Сўнгги беш йилда ҳудудда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун молия муассасалари томонидан 34,2 миллиард сўм кредит ажратилган.
– 2013 йилда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” кўрик-танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритиб, банкдан 5 миллион сўмлик имтиёзли кредит олишга муваффақ бўлдим, – дейди Жиззах транспорт, алоқа касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Зилола Ўролова. – Бу маблағ эвазига хориждан замонавий технология келтириб, Фориш тумани марказида қандолатчилик цехи фаолиятини йўлга қўйдим. 5 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхонада 6 турда маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда қиймати 35 миллион сўмлик импорт ўрнини босувчи шоколад тайёрлаш ускунасини келтириш устида иш олиб бормоқдамиз. Шу мақсадда банкдан 20 миллион сўм кредит олишни режалаштирдик. Режа амалга ошиши билан яна ўнта иш ўрни яратилади.
– Мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш учун 3 йил олдин банкдан 60 миллион сўм кредит олган эдим, – дейди “Ойбек мебель сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Фарҳод Нормаматов. – Хориждан ускуналар келтириб, 30 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. 8 киши меҳнат қилаётган корхонамиз жамоасининг ойлик даромади 10 миллион сўмдан ошади. Шу кунларда яна 200 миллион сўм кредит олиш учун ҳужжатларни расмийлаштирмоқдамиз. Олинадиган маблағ ҳисобидан юмшоқ мебель ва ошхона жиҳозлари ишлаб чиқариш ускуналари харид қиламиз. Бу лойиҳа корхона ишчилари сонини 50 нафарга етказиш имконини беради.
Кўргазмада 30 нафар тадбиркор ва коллеж битирувчисига 5 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача бўлган миқдорда имтиёзли кредит олиш учун сертификатлар топширилди.