Бандлик дастурлари қандай ижро қилиняпти?
Ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бандлик дастурлари бўйича ишлар ҳолатини Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ўрганиш давомида депутатлар давлат ва маҳаллий инвестиция дастурлари бўйича яратилган иш ўринлари, ажратилган субсидия, грантлар, нафақалар, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан таъминланиш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратган.

Хусусан, Бухоро вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ўринларини яратиш борасида қатор амалий ишлар қилинган. Яъни, 2023 йилда 4,2 минг нафар банд бўлмаган фуқароларни қамраб олиш қувватига эга бўлган — 1 та “Ишга марҳамат” мономаркази, 3 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳамда 480 нафар қувватга эга бўлган 8 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилган.
Шунингдек, вилоятда меҳнат органлари йўлланмалари асосида 2023 йил январь-апрель ойлари давомида 2,9 минг нафар иш билан банд бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга жалб этилган. 2023 йилнинг ўтган даврида банд бўлмаган фуқароларнинг қарийб 518 нафари ўқишни тамомлаган. Уларнинг 502 нафари бандлиги таъминланган.

Самарқанд вилоятида эса жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига 123,4 минг аҳоли бандлиги таъминланган. Хусусан, маҳаллабай ишлаш тизими асосида ҳоким ёрдамчилари кўмагида 9,9 минг аҳоли доимий ва мавсумий иш ўринларига жойлаштирилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 9,4 мингта лойиҳа учун қарийб 241,7 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилган.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳам 2023 йилда жами 192 минг 987 нафар аҳолини даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида 44 минг 426 та доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилиб, белгиланган режа 105 фоизга бажарилган.

Хоразм вилоятидаги ўрганишларда маълум бўлишича, Янгиариқ туманида 2023 йилнинг январь-май ойларида 348 нафар фуқаро касбга ўқитишга жалб қилинган. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 393,4 гектар ерларни ахолига "E-AUKSION" савдоси орқали ажратиш ҳисобига 1022 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Шунингдек, январь-май ойларида 26 нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар ишга жойлаштирилган.
Йиғилишда келтириб ўтилганидек, Навоий вилоятида 2023 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида 240 минг аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш, шу жумладан 77 мингдан зиёдини доимий иш билан бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Ўрганишларда маълум бўлишича, шу йилнинг 1 июнь ҳолатига Навоий вилоятида “Аёллар дафтари”га киритилган 5 минг 259 нафар ишсиз хотин-қизнинг атиги 861 нафари доимий иш билан таъминланган. Бу кўрсаткич Кармана туманида 7 фоиз, Хатирчи туманида 9 фоиз, Зарафшон шаҳрида 9 фоизни ташкил қилиб, мазкур ҳудудлардаги бўш ва янги иш ўринлари бўйича мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаган. Бу депутатлар томонидн танқид қилинди.
Шунингдек йиғилишда Самарқанд вилоятида ҳудудий инвестиция лойиҳалари ҳисобига яратиладиган иш ўринларининг прогноз кўрсаткичлари бажарилиши январь-май ойларида атиги 14 фоизни ташкил этгани танқид қилинди.
Ўрганишлар якунлари қизғин муҳокама қилиниб, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасидан хотин-қизларни касбга ўқитиш харажатларини қоплаш, тадбиркорликка жалб этиш, шахсий томорқаларни ривожлантириш мақсадида субсидиялар етарли даражада ажратилмагани айтиб ўтилди. Мазкур муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.
М.Комилова,
ЎзА