Бандихонда уч авлод вакиллари учрашди
Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманида “Уч авлод учрашуви” уюштирилди.
Cамимий, сермазмун дил сўзларига бой бўлган учрашувда туман ҳокими Абдумалик Алламурадов, “Нуроний” жамғармаси Сурхондарё вилояти бўлими раиси Орзиқул Соатов ва бошқалар мустақиллик шарофати билан мамлакатимизда ёши улуғ инсонлар ва ўғил-қизларга бирдек ғамхўрлик кўрсатилиб, уларнинг тинч, фаровон турмуш кечириши, меҳнат қилиши ва ўқиб, изланиши учун барча шароит яратилаётганини таъкидлади.


Тадбирда туман нуронийлари ўзларининг ёшлик ва билаги кучга тўлган йилларда кўрган-кечирганлари, бошдан ўтказган қийинчиликлар, ҳаёт сабоқлари ҳақида сўз юритди. Истиқлол йиллари камолга етаётган ўғил-қизлар учун яратилаётган имкониятларга ҳавас билан боқишини уқтирди. Ўрта ёшдаги инсонлар болалик, ёшлик йилларида ҳаминқадар бўлган ўқиш ва меҳнат шароитларини эсга олиб, бугунги даврдаги шароитлар билан қиёслади. Ёш авлод вакиллари айни пайтда уларнинг ўқиб, изланиши, спорт, санъат, адабиёт ва бошқа йўналишларда ўз салоҳиятларини кенг намоён этиши учун барча имконият мавжудлигини фахр билан эътироф этди.

Фахрийларнинг пурмаъно насиҳатлари учрашувга ўзгача файз бағишлади. Нуронийлар ва ёшлар ўртасида спортнинг шахмат¬шашка турлари бўйича қизиқарли мусобақа ташкил этилди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар даврага байрамона хуш кайфият улашди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири