Манбаларда кўрсатилишича, ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистон Республикасида моддий маданий мерос объектлари сони 8 мингдан зиёдни ташкил этади. Шулардан бири Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги “Боғизағон” МФЙда жойлашган Бандикуш ота зиёратгоҳи ҳисобланади.
Мазкур қадамжо Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2019 йил 4 октябрда Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган. Объект ХIХ-ХХ асрларда барпо этилган.

Бандикуш ота зиёратгоҳининг ўзига хос тарихий афсонаси бор. Ривоятларда келтирилишича, қадимда душман томонидан асирга тушган, тутқунда бўлган инсонлар ўзларининг ҳаётини асраш учун душманлардан қочишга ҳаракат қилишган ва буни уддалаган. Ўша пайти тутқунлардан бири душманлардан яшириниш учун, ҳозирги Бандикуш ота зиёратгоҳи ҳудудига келганда, бир ғор ёнидаги дарахт соясида дам олиб, Аллоҳга шундай нола қилган экан: “Эй Аллоҳ, бизнинг ҳам жонимизни асрагин, шу азоблардан бизни халос қилгин, тутқунликдан бизни озод қилгин” деганида кишанлари ўз-ўзидан ечилиб кетган. Кейин вақт ўтиб, кишандан халос бўлган инсон ўша жойни “бандикушод” деб атаб, у ерни зиёратгоҳга айлантирган экан. Кейинчалик мазкур зиёратгоҳ Бандикуш ота деб юритилган.
“Бандикушод” сўзининг маъноси: “банди”- (форс-тожик) боғла, боғланган деган маънони англатади, “кушод” эса (форс-тожик) очиқ, очилган деганидир.

Совет Иттифоқи даврида Бандикуш ота зиёратгоҳи хароба ҳолатига келган ва бузиб ташланган. Мустақилликка эришганимиздан сўнг бу жой қайта тикланган.
Бу зиёратгоҳга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Ҳозирда зиёратгоҳ туристларнинг севимли масканларидан бирига айланган.
Хуршида Амриева,
Самарқанд давлат чет тиллари институти талабаси
ЎзА