ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Ёзёвон туманида балиқчилик драйвер тармоқлардан ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда балиқчилик фермер хўжаликлари сони 84 тага етган бўлиб, ўтган йили улар томонидан 2 минг 793 тонна парҳез гўшт етказиб берилди.
Тумандаги “Катта тош балиқлари” фермер хўжалигидамиз. Сув ўтказмас коржомаларни кийиб олган балиқ овловчилар ғайрат билан тўр тортишади. Балиқчилар ишга шунчалик киришганларки, қишнинг совуғини ҳам писанд қилмайдилар гўё. Тутилган балиқларни олиб кетиш учун водий вилоятлари, ҳатто пойтахт томонлардан келган махсус машиналар навбатда туришибди.
- Хўжалигимиз тасарруфида 65 гектар кўл бор, - дейди фермер хўжалиги бошлиғи Файзулло Имомов. - Шундан 3 гектарида балиқни интенсив усулда боқамиз. Оддий усулда гектаридан 35-40 центнердан балиқ оламиз. Бу рақам интенсив кўлда гектаридан 60-70 центнергача тўғри келади. Чавоқ чиқариб, емни ҳам шу ерда тайёрлаганимиз учун етиштирган балиқларимиз тан нархи арзонга тушиб, даромадимизга даромад қўшиляпти.
[gallery-21419]
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА