Балиқ браконьерлари табиатга миллиард сўмлик зарар етказди
Сардоба сув омбори ҳудудида олиб борилган назорат рейдлари давомида фуқаро томонидан ноқонуний равишда 3 турдаги жами 69 дона балиқ овланганлиги аниқланди.
Бу ҳолат оқибатида табиат ва экологик муҳитга етказилган зарар миқдори 110 миллион 4 минг сўмни ташкил этди. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Сардоба тумани прокуратурасига юборилди.
Эътиборли томони, бундан бирмунча вақт олдин Сирдарё туманида электр қармоқ ёрдамида ноқонуний балиқ овлаган фуқаролар қўлга тушганди. Улар 7 турдаги жами 38 дона балиқни қонунга хилоф равишда овлагани аниқланиб, улар томонидан табиатга етказилган зарар миқдори 521 миллион 180 минг сўм ҳисобланган.

Шунингдек, Гулистон туманидаги Бахмал маҳалласида истиқомат қилувчи А.Т. ва М.Д. томонидан “Шўразак” зовури ҳудудида содир этилган қонунбузарлик натижасида 37 дона балиқ электр қуроли ёрдамида ноқонуний равишда овлангани аниқланиб, улар томонидан табиатга етказилган зарар 352 миллион 672 минг сўм деб ҳисобланган.

– Ушбу фактлар браконьерликнинг нафақат моддий зарар, балки экотизимнинг барқарорлигига таҳдид солиши, сув ва биологик турлиликка салбий таъсир кўрсатиши ҳақида жиддий огоҳлантирувчи сигнал ҳисобланади, – дейди Сирдарё вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси шуъба мудири Жамшид Ҳошимов. – Балиқ популяциясининг камайиши ва сув омборлари экотизимига етказилган зарар барқарор ривожланиш ва маҳаллий аҳоли учун ов ресурсларига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Экологик таҳлиллар шуни кўрсатадики, браконьерлик нафақат қонунбузарлик ҳисобланади, балки табиатни муҳофаза қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг самарадорлигини ҳам пасайтиради. Сув омборлари ва дунёвий экотизимларда ҳар бир балиқ турининг аҳамияти катта бўлиб, уларнинг овланиши ҳудуддаги хилма-хиликка салбий таъсир кўрсатади.
Сардоба ва Сирдарёда рўй берган ҳолатдан келиб чиқиб, экологлар ва қонунни муҳофаза қилиш идоралари жамоатчилик эътиборини ушбу муаммога қаратмоқда. Улар балиқ браконьерлигига қарши қатъий чора-тадбирлар қўллаш, назоратни кучайтириш ва маҳаллий аҳолини экологик саводхонликка ўргатишнинг зарурлигини таъкидлайди.
Браконьерликнинг бундай оқибатлари фақат моддий зарар билан чегараланмайди: сув экотизимининг бузилиши, балиқ популяциясининг камайиши ва экологик мувозанатнинг йўқолиши — бизнинг табиатимиз учун доимий таҳдид ҳисобланади. Шу боис, жамоатчилик ва қонунни муҳофаза қилиш идоралари ҳамкорлигида барча зарур чоралар кўрилмас экан, балиқ браконьерлиги мамлакатимиз экологиясига янада катта зарар етказиши мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири