Бахшичилик: мароқли ва машаққатли йўл
Ўзбек халқ оғзаки ижоди жуда бой ва қадимий. Кейинги йилларда халқимизнинг орзу-умиди, эзгу мақсади акс этган халқ оғзаки ижодига эътибор тубдан ўзгарди.
Халқ оғзаки ижоди
Ўзбек халқ оғзаки ижоди жуда бой ва қадимий. Кейинги йилларда халқимизнинг орзу-умиди, эзгу мақсади акс этган халқ оғзаки ижодига эътибор тубдан ўзгарди.
Юртимизда халқаро бахшичилик санъати фестивали ва кўплаб илмий анжуманлар ўтказила бошлангани, бахшичилик мактаблари ташкил этилиб, жорий йилдан олий ўқув юртларида Халқ ижодиёти: бахшичилик ва достончилик факультетлари очилиши бунинг исботидир.
ЎзА мухбири айни вақтда бахшичилик санъатида бўй кўрсатиб келаётган ёшлардан бири, «Ниҳол» мукофоти совриндори Аҳрор бахши билан санъат машаққати, соҳадаги муаммолар хусусида суҳбатлашди.
– Бахшичилик кишидан чуқур билим, истеъдод талаб қилади. Ушбу санъат сизни, аввало, нимаси билан мафтун этди?
– Болалигим Қашқадарёнинг Чироқчи туманида ўтди. Бизда ҳеч бир тўй бахшилар иштирокисиз ўтмайди. Мен ҳам достонлар, айтимлар эшитиб улғайганман. Бахшининг кийиниши, омма олдида ўзини тутиши, овози, дўмбира чертиши мени ўзига тортарди. Бобом, Ўзбекистон халқ бахшиси Шомурод бахши ижодини доим кузатиб борганман. Радиода, телевидениедаги чиқишларини мароқ билан тинглаб, ҳавас қилганман.
Бобомнинг этагидан тутиб, шу қизғин ҳаётга кириб келганман. Вақт ўтиши билан ўз устимда ишлаб, сайил ва байрамларда достон айта бошладим. Секин-аста мени ҳам туманда бахши, дея таний бошлашди. Нуфузли танловларда иштирок этдим. Бирида ғолиб чиқиб, бошқасида ўрин ололмадим. Мудом устоз бахшилар ижодини кузатиб, ўз устимда ишладим. Ҳалиям уларнинг ҳар биридан ниманидир ўрганишга ҳаракат қиламан.
– Бир таниқли бахши билан суҳбатда бўлганимда, ёш бахшиларга яхши таҳсил бера олмаяпмиз, деганди...
– Тўғри айтган экан. Мен 6-синфдан бошлаб ўзимча хиргойи қила бошлаганман. Туманимизда мактабни тамомлаганимдан сўнг Қарши санъат коллежига қабул қилиндим. У ерда бахшичиликка ихтисослашган махсус гуруҳ йўқ эди, шунинг учун анъанавий ижрочилик гуруҳида таҳсил олганман. Таҳсил давомида рубоб чалишни мукаммал ўргандим. Шундан сўнг Чироқчи туманидаги мусиқа мактабида икки йил ишладим. Кейин Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти халқ ижодиёти: фольклор ва этнография факультетига ўқишга кирдим. Таҳсил жараёнида анча танилдим, ўқитувчилар эътиборига тушдим, бир-икки халқона қўшиқларимни мухлисларга тақдим этдим. 2019 йил камтарона меҳнатларим "Ниҳол" давлат мукофотига лойиқ кўрилди.
Янги ўқув йилидан олийгоҳимизда бахшичилик ва достончилик факулътети очилди. Менимча, бахшичилик санъатини ўқувчи-талабаларга содда ва тушунарли қилиб етказиб берадиган дарсликлар, методик қўлланмалар ишлаб чиқилиши керак. Соҳани назарий тадқиқ қилиш бошқа, илмни содда қилиб ўқувчига етказиш бошқа...


Шу йил магистратурага ҳужжат топширдим. Бу жараёнга ўзим ҳам ҳисса қўшмоқчиман. Устозлар билан биргаликда соҳадаги муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қиламан.
– Ижодингизни кузатиб бораман. Ижронгизда эстрада йўналишига мойиллик бордек, назаримда. «Юлдузлик» касалига чалиниб, машҳурлик кетидан қувиб, йўналишингизни ўзгартириш ниятингиз йўқми?
– Ҳали ёшмиз, қонимиз қайноқ. Озми-кўпми мухлисларимиз бор. Ижтимоий тармоқда ишқибозлар сўраган қўшиқни ижро этамиз. Уларнинг талабини қондиришга ҳаракат қиламиз. Тўғри, турли йўналишдаги қўшиқларни ижро эта оламан, овозим бор, аммо бахшиёна услубда айтиш кўпроқ ёқади менга. Ҳозиргача замонавий услубда айтган халқона қўшиқларимнинг барчаси омадли чиқди, деб ўйлайман. Мақсадим эстрада йўналишига ўтиб кетиш эмас, бахшичилик санъатини улуғлаб, қадимий оҳангларни тингловчилар қалбига сингдириш, халққа янада яқинлаштиришдан иборат.
– Бундан икки йилча олдин адабиётшунослар анжуманида айрим олимлар ижодингизни қаттиқ танқид қилишганди. Ҳозир ҳам сизни танқид қилувчилар топиладими?
– Ҳа. Ҳозир ҳам бахшичиликни бузяпсан, дегувчилар учраб туради, аммо бу нотўғри айблов. Мен достонни бузиб айтмаяпман, устозларимиз ижро этган анъанавий термаларни бузиб ижро этмаяпман. Менинг биргина мақсадим бахшичилик оҳангини халққа сингдириш. Кўп йиллар бахши овозини эшитмаган, фольклордан узоқлашган халққа унинг сасини етказишга ҳаракат қиляпман, холос. Бу машаққатли йўлдан қайтиш, қароримни ўзгартириш ниятим йўқ. Кечқурунлари қандай қилиб бахшичилик санъатини элга қайтарсам, қандай қилиб халқ тўйига бахшиёна оҳангларни киритсам, деб ўйлаб чиқаман...
– Нега ёшлар орасида бахшилар кам? Соҳанинг қийинлигиданми ёки талаб камлигиданми?
– Ростини айтсам, яқин 5-10 йил олдин бахшичиликка талаб кам эди. Ҳозир соҳага ҳукумат томонидан эътибор кучайган, талаб ҳам ортиб бормоқда. Ёш бахшилар камлигининг яна бир сабаби бор: бу соҳада танилиш қийин. Чекка-чекка ҳудудлардаги таниқли бахшилар атиги 200-300 минг сўм учун тўйга чиқади, эстрада юлдузлари эса тўйга 5-10 миллион сўмга боради. Афсуски, кўпчилик ёшлар ана шу жиҳатларни ўйлаб, юлдузлик ва даромад ортидан қувиб, айнан эстрада йўналишини танлаши бор гап.
– Айни вақтда нималар билан машғулсиз?
– Айни кунларда магистратурага кириш имтиҳонига тайёргарлик кўряпман. Шу билан биргаликда «Мен бахшига энам-о Тошкентдан ёр топибди» деган қўшиқни маромига етказяпмиз. Шу ашулага клип олиш ниятимиз ҳам бор. Бошқа янги қўшиқлар устида ҳам ишлаяпман. Очиғини айтсам, тўйма-тўй юриб, анча чарчаб қолган эдик. Синовли кунлар бироз дам олиш, ўз устимизда ишлаш, варақланмай қолган китобларни мутолаа қилишга имкон яратди. Худо хоҳласа, тинчлик, соғлик бўлиб турса, мудом эл хизматига шаймиз.
ЎзА мухбири
Дилобар МАМАТОВА суҳбатлашди.