Баҳринликлар янги поликлиника хизматидан хурсанд
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан
Кечқурун уйга қайтган эр бугун поликлиникага бориб келган ой-куни яқин хотинидан врач нима тавсия берганини сўради.
– Бу гал Баҳриндаги туғруқхонага борсангиз бўлади, деб айтди дўхтур, – деди аёл бироз ишончсизлик билан.
– Баҳриндаги балнисани аҳволи маълумку, ўтган сафаргидек охирида яна Самарқандга бориб юрмайлик, – зарда қилди эр.
– Билмадим, ҳозир у ерда янги поликлиника, роддом қурилибди, яхши УЗИ аппарати бор экан, эртага ўша аппаратга тушиб келинг, деди опа. Вақтингиз бўлса, бирга борсак, туғруқхонани ҳам кўриб келардик, – деди Севинч.
...Эр-хотин янги поликлиника ва туғруқхонага бориб келгач, орадан ҳафта-ўн кун ўтиб иккинчи фарзандлари шу ерда дунёга келди.
Унутилган шифохона
Ургут тумани Баҳрин маҳалласидаги 21-оилавий поликлиника ва туғруқ бўлимига кирганингизда сизда шундай тасаввур уйғонарди. Каттагина ҳовли ўртасидаги ўтган асрнинг етмишинчи йилларида қурилган пастқам бино. Деворлар қайта-қайта оқланаверганидан қават-қават бўлиб кетганини қўпорилиб тушган жойлари яққол кўрсатиб туради. Айрим жойлар захлаб кетганидан сарғайиб қолган. Эски бинонинг деразалари қачондир алюмин ромларга алмаштирилган, лекин ичкаридаги эшиклар бино қурилганида ўрнатилган ва ўтган йиллар давомида қайта-қайта рангланаверганидан “семириб”, яхши ёпилмайдиган бўлиб қолган. Ичкарига киришингиз билан зах ҳид дори-дармон ҳиди билан қўшилиб, димоғингизга ёқимсиз, аччиқ бўй урилади. Узун коридор қоронғу, пол ёғоч ёки махсус қопламалардан эмас, оддий бетон плита терилган. Жиҳозлар ҳам бинога мос, алмисоқдан қолган эски, синиқ, қийшайиб кетган. Беморлар ётган каравотлар ғичир-ғичири соғ одамнинг ҳам асабини бузадиган даражада.
Хуллас, Ургут тумани марказидан 25 километр олисдаги, асосан тоғли ҳудуддаги 16 та қишлоқнинг 13 мингдан ортиқ аҳолисига бирламчи тиббий хизмат кўрсатадиган, 10 дан ортиқ маҳалланинг аёллари келадиган туғруқхонанинг аҳволи яқин вақтгача шундай эди. Аниқроғи, ўтган йил декабрь ойида Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева мазкур муассасага келиб, ҳолатни ўргангач, бу манзарани ўзгартириш зарурлигини таъкидлади. Зарур чора-тадбирлар белгиланди, аҳолига замон талабларига мос тиббий хизмат кўрсатиш учун янги бино қуриш керак, деган қарорга келинди.
Бинони ёғин-сочинли кунлар ўтгандан кейин баҳорга чиқиб қурамиз, деган қарашлардан воз кечилди. Поликлиника, туғруқ бўлими ва тез тиббий ёрдам хизмати учун замонавий тиббий муассаса лойиҳаси ишлаб чиқилди, қиш пайтидаёқ қурилиш ишлари бошланди. Янги бино замонавий қурилиш материаллари асосида енгил конструкциядан барпо этиладиган бўлди.
Қишда уйғонган умид баҳорда мева берди
Баҳринда қишнинг изғирин кунларида бошланган ва апрель ойида якунланган янги тиббий муассаса қурилиш ишлари ана шундай ташбеҳга мос келади. Тўрт ой ичида муассаса ҳудудида наинки аҳолига сифатли бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун, балки тиббиёт ходимларининг ҳам муносиб шароитда ишлаши учун барча қулайлик ва имкониятларга эга, ҳар томонлама кўркам бино қурилди. Бино билан бирга маҳалла ҳам обод бўлди. Кўчаларга асфальт ётқизилди, пиёдалар йўлаклари ташкил этилди, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, гулу гулзорлар пайдо бўлди. Баҳрин шаҳарча қиёфасига кирди.
– Қисқа вақтда бу ерда олиб борилган ишлар, ўзгаришларни сўз билан таърифлаб бўлмайди, – дейди Ургут тумани Баҳрин маҳалласидаги 21-оилавий поликлиника мудири Сардор Луқмонов. – Ҳудуд аҳолиси ҳаммасини кўриб турибди, кечаги кун қандай бўлгани ва бугунги манзара ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини яхши билади. Авваллари одамларни чақириб ҳам поликлиникага келтиролмасдик, ҳозир ўзлари келиб, оилавий врачларидан маслаҳат оляпти, кўриклардан ўтмоқда. Эски бинодан янгисига ҳеч нарса, ҳеч бир жиҳоз олиб ўтилмади, фақат тиббиёт ходимлари ўтди. Мебель дейсизми, тиббий асбоб-ускуналар – ҳаммаси янгиланди. Эски поликлиникадан фақат хотиралар қолди. Лекин ҳозирча эски бино ҳам сақлаб турилибди, бориб кўришингиз мумкин. Ана шунда аввал қандай шароитда ишлаганимиз ва ҳозир қандай имкониятларга эга бўлганимизни кўришингиз мумкин. Биз буни суратларга олиб қўйдик. Чунки кечаги кунни унутмаслигимиз, бугунги кунларнинг қадрига етиб ишлашимиз керак.
Поликлиника 13 минг аҳолига хизмат кўрсатиши белгиланган бўлса-да бу ерда тўртта оилавий тиббий бригададан ташқари тор соҳа мутахассислари – УТТ шифокори, педиатр, акушер-гинеколог, рентгенолог фаолият кўрсатиши туфайли яқин атрофдаги 5 та биринчи тип оилавий поликлиниканинг 15 мингдан ортиқ аҳолиси ҳам зарурат туғилганда шу ерга келиб, кўрикдан ўтади.
– 100 қатновга мўлжалланган поликлиникамизда 30 та хона бор ва 40 дан ортиқ ходимларимиз фаолият кўрсатиши учун зарур шароит яратилган, – дея сўзида давом этади С.Луқмонов. – 10 ўринли кундузги стационар, физиотерапия хоналари, 30 дан ортиқ таҳлилни амалга ошириш имкониятига эга марказлашган лабораториямиз бор. Янги доплер ультратовуш текшируви аппарати, рентген берилди, лаборатория сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Поликлиника фаолияти тўлиқ рақамлаштирилиб, DMED тизимига уланган. Ҳеч қандай тиббий карта, қоғозда рецепт ёзиб бериш, деган гаплар йўқ. Навбат ҳам, аҳоли тўғрисидаги тиббий маълумотлар ва ташхис, йўлланма ва рецепт ҳам шу платформа орқали амалга оширилади. Тўртта тиббий бригадамиз учун 8 та хона ажратилган. Муассасага келган шахс электрон навбат асосида аввал амалиётчи ҳамширага учрашади. Ҳамшира уни қабул қилиб, мурожаатини эшитади, дастлабки текширув ва таҳлилларни бажаради, сўнгра зарурат бўлса, ёнидаги хонага – оилавий шифокорга йўналтиради. Врач беморни текширувдан ўтказиб, тавсиялар беради. Агар тор соҳа мутахассислари кўриги зарур бўлса, уларга юборади. Бу жараёнлар ҳаммаси рақамли кўринишда амалга оширилади. Шунинг учун поликлиникада узоқ навбат, беморларнинг кутиб қолиши кузатилмайди. Ишимиз эрталаб соат 8.00 дан кеч 16.00 га қадар шу тарзда давом этади. Соат 16.00 дан 20.00 гача ва дам олиш кунларида поликлиникада навбатчилар бўлади.
Одатда тиббиёт муассасаларида эрталаб узундан узоқ навбатлар кузатилади ва куннинг иккинчи ярмида мурожаат қилувчилар жуда кам бўлади. Янги поликлиникада эса тушликдан кейин ҳам текширувлардан ўтиш ёки муолажа олиш учун келганлар кўплигини кузатдик.
– Очиғи, илгари тузалишдан кўра, касал бўлиб қоладигандек поликлиникага келишни истамасдик, – дейди Баҳрин маҳалласида яшовчи Шаҳло Маматқулова. – Бу ернинг шароити, жудаям эски аппаратлари шундай тасаввур қолдирганмиди, ишончимиз йўқ эди. Энди эса кўркам бино, жуда қулай шароит туфайли зарурат бўлганда кундузими, кечасими шу ерга келяпмиз. Ўзим ҳам шифокор тавсияси билан икки кундан буён физиотерапия муолажаси оляпман. Бундай шифохоналар ва имкониятни шу пайтгача фақат телевизорда кўрардик, шаҳарларда бўлади, деб ҳавас қилардик. Мана энди қишлоғимизда шаҳардагидек қулайлик бор.
Энди қишлоқ аёллари узоққа бормайди
Ургут тумани марказидан 25-30 километр, Самарқанд шаҳридан 40-45 километр олисдаги маҳаллалар, тоғли қишлоқларда яшовчи аёллар шу пайтгача зарур шароит бўлмаса-да шу ердаги туғруқ бўлимига келишга мажбур эди. Айрим аёллар эса туғруқ яқинлашганда Ургут ёки Самарқанд шаҳридаги шифохоналарга бориб ётиб олар, ўша атрофдаги қариндошлари уйида яшаб турадиганлар ҳам бўларди.
Энди эса вазият ўзгарди. Биттагина туғруқ зали ва столи бўлган аввалги муассаса тарихда қолди, она ва боланинг саломатлиги учун барча қулайликларга эга, 25 ўринли туғруқ бўлими янги бинода фаолият бошлади.
[gallery-29352]
– 42 йилдан буён шу ерда ишлайман, лекин буни айтишдан истиҳола қилардим, – дейди Ургут тумани марказий шифохонаси перинатал марказининг Баҳриндаги туғруқ бўлими раҳбари Обиджон Хужматов. – Чунки бўлим шароити жуда абгор бўлса ҳам тоғли қишлоқларда яшовчи ҳомиладор аёлларнинг туман марказига бориши қийинлиги учун ишлашга мажбур эдик. Президент Администрацияси раҳбари шифохонамизга келиб шароитни ўрганган чоғида олинган суратда акс этган эски, йиртилиб кетган туғруқ столидан бошқа айтарли тиббий жиҳознинг ўзи йўқ эди. Операция зали, чақалоқлар интенсив хонаси ҳақидаку гапирмасак ҳам бўлади. Шунинг учун ҳудуддаги поликлиникалар оилавий врачларига ҳомиладорлиги оғир кечаётган, хавф гуруҳидаги аёлларга туман перинатал маркази ёки Самарқанд шаҳридаги туғруқхоналарга йўлланма беришларини сўрардик. Зарур шароит йўқлиги сабабли оғир вазиятдаги ҳомиладорларни қабул қилишдан чўчирдик-да. Янги бинода эса бундай ҳадик, хавотирланишга ўрин қолмади. Керакли тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланган иккита туғруқ зали, операцион блок, жонлантириш бўлими, чақалоқлар интенсив хонаси ташкил этилди. Энди муддатидан аввал туғилган чақалоқларнинг ҳам ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур аппаратларимиз бор. Оналар ва болалар учун кроватларгача янгиланди.
Бўлимда айни пайтда икки нафар гинеколог, бир нафар неантолог, ўттиздан ортиқ ҳамшира ва доялар фаолият кўрсатмоқда. Апрель ойида бу ерда 60 та туғруқ қайд этилди. Бу аввалги ойларга нисбатан бирмунча кўп, демак одамларнинг ушбу шифохонага муносабати ўзгарди, ишончи ошди.
Ҳа, дарвоқе, мақола аввалида ёзганимиз қайнарбулоқлик Севинч Жуманазарова ҳам иккинчи фарзандини янги туғруқ бўлимида қўлига олди.
– Биринчи фарзандимни дунёга келтириш учун қанчалик қийналиб Самарқанд шаҳридаги 4-туғруқхонага борганимни яхши эслайман, – дейди Севинч Жуманазарова. – Ўшанда эски шифохонага келганимизда врачлар ҳолатимни кўриб, “биз қабул қила олмаймиз, тезда шаҳарга олиб боринглар” деганидан сўнг Самарқандга боришга мажбур бўлгандик. Қишлоғимиз яқинида шундай чиройли туғруқхона қурилганидан хурсандмиз, энди ҳудуддаги аёллар сарсон бўлиб, узоққа бориб юрмайди. Янги шифохона қурувчилари ва бу ишнинг бошида турган раҳбарларимизга минг раҳмат!
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари