Баҳорнинг қайтгани рост бўлсин
Бугун баҳорнинг илк куни. Уйда қолиб, уни анча, ҳа, жуда кўп вақт кўрмадик ҳисоб. Қишнинг қаҳратони, изғирини ўтган 2020 йил бўйи юракларимиздан кетмади, десак янглишмаймиз.
Куз оёқламай келиб олган қиш кетар жафосида яна ўзини бир кўрсатиб қўйди. Ҳали келиб улгурмасидан, барча бир-бирини кўклам билан қутлай бошлагани баҳор соғинчидан экани аниқ!
Барча қаттиқчилигу қийинчиликларга қарамай, мамлакат ўз тараққиёт йўлидан дадил борди. Илгари айтилмасдан келинган камбағалликдек ҳолатлар очиқ-ошкора айтила бошланди. Муҳтожга, қийналганга, адашганга елка тута бошладик. Пандемия хавфи авж олган бир паллада мамлакатимизда меҳр ва саховат, ҳамжиҳатлик янада кенг қулоч ёзиб, умумхалқ хайрия ҳаракатига айланди.
Ногиронлар, нуронийлар, беморлар, муҳтожу номуҳтож оилаларнинг барига эътибор кучайди. Янги-янги тиббиёт масканлари, маданий-маърифий муассасалар, ишлаб чиқариш қувватлари, ижтимоий объектлар барпо этилди.
Қатағон йилларида умри хазон бўлган маърифатпарвар боболаримизнинг ҳаёти, меросини ўрганиш бўйича ишлар жадал тус олди. Тарихчи олимлар, соҳа мутахассислари, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда шўролар замонида репрессияга учрашган минглаб юртдошларимизнинг пок номларини тиклаш, уларнинг чирқираган руҳига бағишлаб Хотира китобини яратиш устида жадал иш олиб борилмоқда.
Она тилимизнинг мавқеи ва мақомини кучайтиришга, жаҳон тараққиёт йўлини ёритишга ҳисса қўшган алломаларимиз меросини ўрганишга бўлган эътибор кучайди. Ислом динининг илм-фан йўлини мунаввар этган, маърифатпарвар, тинчликпарвар ғояси, олижаноб, улуғвор мақсад-муддаоларига, моҳиятига янада теранроқ аҳамият қаратмоқдамиз.
Юрт келажаги бўлган ёшларга, аёллар, қизларга бўлган эътибор, ғамхўрлик қоғозлару, қуруқ гаплардан, дабдабали тадбирлардан ҳаётимизга рўй рост кириб келмоқда. Янгиланаётган Ўзбекистонимизга янгиланиш, яшариш фасли муборак бўлсин!
Ҳа, баҳорнинг қайтгани рост бўлсин!
Н.Усмонова, ЎзА