“Ёшлар дафтари” мавжуд муаммоларни ўрганиш, ёшлар таклифларини қўллаб-қувватлаш борасида самарали тизимга айланди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги тармоқларида кўплаб йигит-қизларнинг бандлиги таъминланяпти.
Бу борада Тошкент вилоятида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, шу кунгача вилоятда “Ёшлар дафтари” га киритилган йигит-қизларнинг 900 нафардан ортиғига 30 сотихдан 50 сотихгача ер майдонлари ажратиб берилди. Бу борадаги ишлар босқичма-босқич тумандаги барча маҳаллаларни қамраб олмоқда. Мисол учун, Оққўрғон туманида 220 нафар, Бекобод туманида 213 нафар ёшга деҳқончилик учун e-auksion платформаси орқали ер ажратиб берилди. Бекобод тумани Фарҳод маҳалласида ўтган йили 125 нафар ёшлар ер олиш масаласида онлайн танловда қатнашган бўлса, шундан 85 нафари ғолиб бўлган. Ўз навбатида, ғолибларнинг 65 нафари “Ёшлар дафтарида” гилардир. Улар орасида 26 ёшли Муҳриддин Зиёбиддинов ҳам бор.
– Ўтган йили икки марта аукционда қатнашиб, ҳудудимиздаги 10 сотих ерни 10 йил муддатга ютиб олдим, – дейди қаҳрамонимиз. – Онлайн савдо ҳақида унчалик ҳам билмайман. Шунинг учун танишларимнинг кўмагидан фойдаландим. Шундан бери далага карам экиб, даромад қиляпман.
– Оққўрғон тумани "Гулистон" маҳалласида яшайман, –дейди Адҳамбек Султонов. – 29 ёшдаман. Ишсиз эдим. Ер ажратилганидан хурсандман. – Қизил ловия экмоқчиман. 40 сотих жойдан йилига икки марта ҳосил олиш режам бор. 20-30 миллион сўм даромад олишни мўлжаллаяпман.
Айни пайтда далада иш қизғин. Кўзларида эртанги кунга ишонч акс этган йигит-қизлар жуда фаол. Берилган имкониятдан самарали фойдаланиб турли сабзавот кўчатлари экилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА