Баҳорги юмуш: Риштонда чигит экиш бошланди
Риштон туманидаги “Rus oʼzbek teks” масъулияти чекланган жамияти Фарғона вилоятида илк бор пахтачиликда кластер усулини йўлга қўйган бўлиб, бу борада ўтган уч йил мобайнида яхши тажриба тўпланди.
2021 йил ҳосили учун чигит экиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида пухта тайёргарлик кўрилди. Туманда 5 минг 950 гектардан ортиқ ерга чигит қадаб, мўл ҳосил олиш мақсад қилинган. Бунинг учун ҳозирги кунда 9 отряд ташкил этилган.
Россиялик тадбиркор Магомед Костоев раҳбарлигидаги кластер корхонаси ва 210 тадан зиёд риштонлик фермерлар баҳорги юмушларни юқори кайфиятда бошламоқда. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур туманда бўлиб, чигит экиш ишларига тайёргарлик жараёнлари билан танишди ва экишни тизимли ташкил этиш юзасидан ўтказилган кўргазмали семинар-йиғилишда иштирок этди. Агротехник тадбирлар учун шай ҳолга келтирилган техникаларни кўздан кечирди. Отряд аъзоларига яратилган қулайликлар, дала шароитида дам олиш ва яшаш учун мўлжалланган контейнерларни кўрди.
– Ҳар йили Риштон туманида кластер томонидан ишлар жуда самарали ташкил этилмоқда, – деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров. – Яхши натижалар қўлга киритилмоқда. Гарчи хориждан келган бўлса-да, кластер раҳбари масъулият билан, шу ерни яхши кўриб меҳнат қилмоқда.
Тадбирда бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги фахрийларига мавсум олдидан совғалар улашилди.
М. Сулаймонов, ЎзА