Кўчат экиб, боғ яратиш — халқимизнинг азалий қадриятларидан. Негаки, азал-азалдан ота-боболаримиз баҳорга покизалик, яхши орзу-ниятлар билан пешвоз чиққан. Юртимизда боғлар, кўчалар ҳамда йўл ёқаларида яшнаб турган дарахтлар теварак-атрофга кўрк улашиш билан бирга саранжом-саришталик ва қут-барака белгиси ҳам ҳисобланади. Зеро, ерга қанча кўп ишлов берилса, деҳқончилик, зироат ҳам шунга қараб баракали бўлади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Навоий вилоятида ҳам кўчат экиш тадбирлари бошланди. Хусусан, Хатирчи туманидаги фермер хўжаликларининг дала четларидаги 196,8 гектар ер майдонига 290 минг дона тут ва узум кўчатлари экилиши режалаштирилган. Туманнинг А.Навоий ҳудудида фаолият юритаётган “Сулаймон сайқали” ҳамда “Олами тожизар саховати” фермер хўжалигида ташкил этилган ўқув-амалий семинарида маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди. “Сулаймон сайқали” фермер хўжалигининг 0,75 гектар дала четига 1100 дона, “Олами тожизар саховати” фермер хўжалигининг 0,80 гектар дала четига 1180 дона тут ва узум кўчатлари экилиши режалаштирилган. Маҳорат дарслари давомида фермер хўжаликларида 200 дан ортиқ тут ва узум кўчатлари экилди.
Семинарда Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходими Муродилла Турдиев сўзга чиқиб, семинар иштирокчиларига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, кўчат экиш сирлари ва Президентимизнинг 2023 йил 26 январдаги “Пахта хомашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори тўғрисида тушунча ва тавсиялар берди.
Тадбир иштирокчиларига “Фермерлар учун маълумотнома” ҳамда “Аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари учун амалий услубий тавсиялар” китоби тарқатилди.
А. Бўриев, ЎзА