Бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат руҳида ўтмоқда
Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи
Меҳр-мурувват, саховат ва бағрикенглик тимсоли бўлган муборак Рамазон ойи юртимизга ўзгача файз, қалбларга ором ва хонадонларга барака олиб кирмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари учун улуғ ва қутлуғ бўлган ушбу ойни муносиб тарзда ўтказиш, унинг эзгу моҳиятини асраб-авайлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Шу маънода, Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 16 февралда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарор ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган аниқ топшириқлар муборак ойни юксак савияда, тинчлик ва хавфсизлик муҳитида ташкил этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қарорда жамоат тартибини мустаҳкамлаш, ибодат масканларида хавфсизликни таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, хайрия тадбирларини кенгайтириш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш устувор вазифа сифатида белгилаб берилган.

Ана шу вазифалар ижроси доирасида Жиззах вилоятида тизимли ва мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, таровеҳ намозлари адо этилаётган жоме масжидларда жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари доимий назоратга олинган. Вилоят ички ишлар органлари раҳбарияти томонидан Жиззах шаҳри ҳамда Шароф Рашидов тумани ҳудудидаги жоме масжидларда ўрганишлар ўтказилиб, хизматга жалб этилган ходимлар билан яқиндан мулоқот қилинди.
Жиззах воҳасидаги 170 та масжидда таровеҳ намозлари мунтазам адо этилаётган бўлса, уларнинг ҳар бирига ИИБ, Миллий гвардия ва участка инспекторлари бириктирилган. Бу эса хавфсизликни таъминлаш борасидаги ёндашув тизимли ва манзилли эканини кўрсатади. Масжидлар атрофидаги осойишталик, намозхонлар учун яратилган шарт-шароит, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш борасидаги ишлар танқидий-таҳлилий руҳда кўздан кечирилиб, масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бошқармасида жойлашган штаб аъзолари иштирокида ўтказилган йиғилишда хизматни самарали мувофиқлаштириш, профилактик тадбирларни кучайтириш, қонунийликни сўзсиз таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, муборак ойда юрт осойишталигини асраш ҳар бир ходимнинг нафақат хизмат вазифаси, балки юксак масъулиятидир.
Бугун вилоят ҳудудидаги жоме масжидларда таровеҳ намозлари тинч ва файзли муҳитда ўтмоқда. Намозхонлар учун барча шароитлар яратилган, мутасадди идоралар ўртасида ҳамжиҳатлик таъминланган. Бу — давлат раҳбари қарори ва ҳукумат топшириқларининг жойларда изчил ва самарали ижро этилаётганининг амалий ифодасидир.

Зеро, Рамазон — қалбларни покловчи, жамиятни бирлаштирувчи, инсонни шукроналикка чорловчи ой. Унинг ҳар бир куни тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат руҳида ўтаётгани Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланаётганининг ёрқин далилидир. Жиззах заминидаги осойишталик эса ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг ҳаётий ва таъсирчан натижасидир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари