Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эълон қилинган 16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан бутун мамлакатимиз бўйлаб “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Нодирабегим номидаги Наманган вилояти ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу тадбир доирасида режалаштирилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Вилоят ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Илҳомжон Раҳматов, Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Дилором Абдураҳимова, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вакили Абдулвоҳид Исоқов ва бошқалар юртимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, миллатлараро тутувлик ва бирдамликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини эътироф этди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Наманган вилоятида қирғиз, тожик, рус, турк, қорақалпоқ, корейс, қозоқ, украин, татар каби йигирмадан зиёд турли миллат ва элат вакиллари ўзаро аҳил, тотувликда фаровон турмуш кечирмоқда. Вилоятда Қирғиз, Рус, Тожик ва Корейс миллий маданий марказлари битта замонавий марказда фаолият юритмоқда. Рус, қирғиз ва тожик тилларида таълим берувчи умумтаълим мактаблари ҳам мавжуд.
Бинобарин, “Бағрикенглик ҳафталиги” Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳурмат, бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга. Асосий тадбирлар Наманган шаҳри, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳудудларида уюштирилиши кўзда тутилган.
Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот кутубхонасида “Янги Ўзбекистон китоб ва кутубхонадан бошланади” номли китоблар кўргазмаси бўлиб ўтади. Олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, профессионал касб-ҳунар муассасалари ва маҳаллаларда ёшлар вакиллари ўртасида бағрикенглик ғоясини кенг тарғиб қилиш мақсадида махсус ўқувлар ҳамда спорт мусобақалари уюштирилади.
Поп, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон, Чортоқ, Уйчи ва Учқўрғон туманларидаги қўшни давлатларга чегарадош қишлоқлар “Бир замон – бир Ватан фарзандларимиз” шиори остида миллий спорт ўйинлари фестивалларига мезбонлик қилади. Вилоятдаги миллий-маданий марказлар фаоллари Тўрақўрғон туманидаги “Ахсикент” очиқ осмон ости музейи ҳудуди бўйлаб саёҳатда бўлишади.
Ўзининг узоқ йиллик самарали ва ҳалол меҳнатлари, ватанпарварлиги ва фидойилиги билан ибрат намунасини кўрсатаётган турли миллат ва элат вакилларига мансуб бўлган жонкуяр ҳамюртларимизга “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонларини тантанали топшириш маросими ҳам ўтказилади.
Бир сўз билан айтганда, “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасидаги маданий тадбирлар, маърифий учрашувлар барчада бағрикенглик ва бирдамлик ҳисларини шакллантириш, уларни турли миллат ва дин вакилларининг қадриятларига ҳурмат билан қарашга ўргатишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.