“Бағрикенглик ҳафталиги” давом этмоқда
16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни
Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳам ташкил этилаётган байрам тадбирларида миллатлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ўз аксини топмоқда.
“Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остидаги байрам тадбирларининг асосий қисми Жиззах шаҳридаги “Ёшлар шаҳарчаси”, “Ёшлар инновацион маркази” ҳамда мусиқали драма театрида ташкил этилди. Тадбирларда Жиззах вилоятида фаолият юритаётган миллий маданий марказлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, вилоят шаҳар ва туман ҳокимликлари, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
“Ёшлар шаҳарчаси”даги Жиззах давлат педагогика университети ҳовлисида вилоятнинг шаҳар ва туманларида фаолият юритаётган фолклор-этнографик халқ ансамбллари ва ижрочи ёшларнинг концерт дастурлари намойиш этилди.
“Ёшлар инновацион маркази”да миллий куй-қўшиқлар, иншолар, энг яхши мақолалар, ёш рассомлар асарлари, миллий таомлар танлови ўтказилиб, ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси ташкил этилди.
[gallery-14614]
Байрам тадбирларининг асосий қисми мусиқали драма театрида бўлиб ўтди. Театр фойесида вилоятда фаолият юритаётган қирғиз, тожик, рус, қозоқ, татар, корейс миллий маданий марказларининг ўзбек ва ўз она тилларидаги китоблар кўргазмаси, миллий либослар, ҳунармандчилик буюмлари намойиши ташкил этилди.
Тадбирда Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари Латифжон Аҳмаджонов, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Иқболой Умарова ва бошқалар йиғилганларни самимий қутлади. Президентимизнинг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида юртимизда ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб “Бағрикенглик ҳафталиги” кенг миқёсда нишонланиб келинаётгани таъкидланди.
– Жиззах шундай ҳудудки, барча туманларда турли миллат вакиллари ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлиб истиқомат қилиб келмоқда, – деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Л.Аҳмаджонов. – Масалан, Мирзачўл туманида қозоқ, Зомин ва Бахмал туманларининг тоғли ҳудудлари, шунингдек, Арнасой ва Дўстлик туманларида қирғиз, Фориш, Пахтакор, Янгиобод туманларида тожик, Ғаллаорол тумани ва Жиззах шаҳрида рус, татар миллатига мансуб юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг тўю маъракалари ҳам бир, қуда-андачилик қилиб, қиз бериб, қиз олиб бир халқ бўлиб шаклланиб кетган.
Театрдаги тадбирда йил давомида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда фаол бўлган бир гуруҳ ҳамюртларимиз тантанали равишда тақдирланди. Жумладан, “Ўзбекистон – бағри кенг диёр!” шиори остида ўтган “Энг яхши иншо”, “Энг яхши мақола”, “Энг иқтидорли қўшиқчи”, “Энг жозибали раққоса”, “Энг яхши мусиқа ижрочиси”, “Энг фаол миллий маданий марказ” ва яна қатор танловлар ғолибларига Жиззах вилояти ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Ташкил этилган концерт дастури давомида турли миллатларга хос куй ва қўшиқлар ижро этилди. Байрам концерти йиғилганларга хуш кайфият улашди.
Бу каби тадбирлар жойларда давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари