Бағдод туманида 252 нафар фуқарога субсидия берилди
Фарғона вилояти Бағдод тумани «Мурувват» маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий шаҳарча барпо этилмоқда.
Бу ерда 1 подъездли 61 та кўп қаватли уйларда 1 минг 220 та хонадон турар жойлари барпо қилинди. Қувонарлиси, янги ва замонавий хонадонларни сотиб олишда қулайлик яратиш мақсадида фуқароларга субсидиялар тақдим этилмоқда.
Бедарак қишлоғида истиқомат қилувчи Иқболжон Раҳмонов тумандаги 25-умумтаълим мактабида ўқитувчи. У бир неча йиллардан буён ёш оиласи учун шинамгина хонадон сотиб олиш ниятида эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартда қабул қилинган «Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори Иқболжоннинг оғирини енгил қилди. Давлат субсидияси асосида «Мурувват» маҳалла фуқаролар йиғинидан уй сотиб олди.
–Зиёлилар оиласиданман, – дейди И.Раҳмонов. – Ота касбим туфайли барака топдим. Анча йиллардан буён уй олиш учун бироз маблағ жамғариб қўйгандик. Лекин биласиз, рўзғор «ғор» дейишади. Йиққан сармоямиз уй олиш учун етмади. Лекин, бизларга 150 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилгани орзуларимизга қанот бўлди. Туман давлат хизматлари маркази ходимлари сайёр тартибда махсус автобусда субсидия бериш тўғрисидаги сертификатни менга топширди. Бутун оиламиз билан хурсандмиз.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, шу кунга қадар Бағдод туманида субсидия олиш истагини билдирган фуқаролардан 762 та аризалар келиб тушган. Шундан 252 та мурожаатга ижобий баҳо берилган.

М. Сулаймонов, ЎзА