“Бағдод тажрибаси” юртимиз бўйлаб оммалашмоқда
Бағдод туманидаги “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғинидаги дашт ва тошлоқдан иборат бўлган ҳудудда шаҳарча барпо этилишига кўпчилик ишонмаган эди.
Қисқа фурсат ичида барча қулайликларга эга янги массив қад ростлаб, барча ҳавас қиладиган масканга айланди. Бу ердаги замонавий уй-жойларда яшашнинг завқи, шавқи ўзгача. Республика ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Гулистон шаҳарчасига медиа-тур ташкил қилинди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланиб, “Бағдод тажрибаси” сифатида эътироф этилган ушбу шаҳарчада қад ростлаган 61 та кўп қаватли турар-жой бинолари ҳамда маҳалла биноси, коворкинг маркази, маданият саройи, поликлиника, мактабгача таълим муассасаси, умумий ўрта таълим мактаби, спорт-соғломлаштириш ва кўплаб савдо мажмуалари пресс-тур иштирокчиларини эътиборсиз қолдирмади.

– Мазкур шаҳарчага тамал тоши қўйилаётган паллада келиб, жараёнлар хусусида тезкор ахборот лавҳалари тайёрлаган эдим, – дейди блогер Усмонжон Қодиров. – Ундан кейин ҳам хизмат вазифамизга кўра Гулистонга тез-тез келиб турдим. Лекин тўғрисини айтсам, шаҳарчанинг бугунги қиёфасини тасаввур қила олмас эдим ўшанда. Мана, бугун амин бўлдимки, инсоннинг қўли гул – истак ва хоҳиш бўлса, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик бўлса, ҳар қандай мушкул ишни ҳам уддаласа бўлади. Атиги 6 ой ичида шу қадар улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилибди, кўриб кўзларимиз қувнаяпти, бағдодликларга ҳавасимиз келяпти.
Туман ҳокими Восилжон Назаров журналистлар ва блогерлар билан суҳбатда Гулистон шаҳарчасининг қурилиши, бунда қад ростлаган бино-иншоотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
– Янги Ўзбекистоннинг шинам ва ҳар томонлама қулай бўлган янги массиви ҳисобига тумандаги 1 минг 200 дан ортиқ оила уй-жойли бўлди. Бундан ташқари, шаҳарча аҳолисининг бандлигини таъминлаш, улар учун реал даромад манбаларини яратиш алоҳида эътиборга олинди. Шу мақсадда, ёндош ҳудудда ҳар бири 10 сотихдан иборат мингта иссиқхона барпо этилмоқда. Бу иссиқхоналарнинг 400 дан зиёдроғи эгаларига топширилган ва улар ҳалол меҳнатлари эвазига етиштирилган дастлабки ҳосилдан миллионлаб даромад олишни бошлади. Шунингдек, “Мурувват” кичик саноат зонасида ўнлаб янги тадбиркорлик лойиҳалари иш бошладики, натижада 280 дан ортиқ иш ўринлари яратилди. Буларнинг барчаси – инсон қадри улуғланган ислоҳотларнинг ҳаётий намунасидир, – деди туман ҳокими.

Медиа-тур иштирокчилари янги хонадон эгалари билан суҳбатлашди. Маданият саройида санъатнинг турли йўналишларида ўз маҳоратини тоблаётган ёшларнинг ижодий машқларини кузатишди. Кенг, ёруғ, замонавий мактаб ва боғчада яратилган шарт-шароитларни кўздан кечиришди. Иссиқхона мажмуасида ёш деҳқонлар томонидан етиштирилаётган бодринг, қулупнай ва бошқа резаворлар парваришибилан танишишди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси ташаббуси билан “Томорқадан боққа” шиори остида ўтказилган кўчат экиш акциясида – мактабларнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари билан бирга журналистлар ва блогерлар ҳам иштирок этди. Акция давомида Гулистон шаҳарчаси ҳудудида 70 туп манзарали ва 60 туп мевали дарахт кўчатлари экилди.
Шунингдек, медиа-тур иштирокчилари “Қўқон” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди.
М. Сулаймонов, ЎзА