Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан "Паркент ижод уйи"да Республика таржимонлар форуми ўз ишини бошлади.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 июндаги “Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Форумга бадиий таржима соҳасида меҳнат қилаётган ижодкорлар, устозлар, ёшлар таклиф этилди.

– Бадиий таржима соҳасига Президентимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, атоқли шоир ва журналист Минҳожиддин Мирзо. – Бу борада қабул қилинган қарор соҳа ривожида янги истиқболларни очиб беради. Унга кўра, юртимизда таржимонлар учун Огаҳий номидаги халқаро танлов эълон қилинди. Танловга ўзбек адабиёти насрий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима, ўзбек адабиёти шеърий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима, ўзбек болалар адабиёти намуналаридан хорижий тилларга ўгирилган энг яхши таржима, хорижий тилларда яратилган насрий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима, хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима, чет тилларда яратилган болалар адабиёти намуналаридан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима намуналари қабул қилинади. Бу эса адабиётимизни жаҳон миқёсига олиб чиқишда катта аҳамият касб этади.
Форумда ўзбек адабиётини жаҳонда тарғиб қилиш ишига муносиб ҳисса қўшаётган қатор хорижий ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзо этиб қабул қилинди. Ўзининг ижодий фаоллиги билан адабий жамоатчилик назарига тушган бир гуруҳ таржимонларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Таржимонлар анжуманида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори, навоийшунос олим Олимжон Давлатов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, атоқли адабиётшунос олим, таржимон Зуҳриддин Исомиддинов, афғонистонлик тилшунос олим, публицист Азизулло Орол ва бошқалар таржимашунослик соҳасининг бугунги долзарб масалалари хусусида батафсил сўз юритди.
Форумда “Турк ва озарбайжон шеъриятидан таржималар”, “Саҳна асарлари таржимасининг ўзига хос жиҳатлари”, “Хорижий тиллардан таржима муаммолари”, “Бадиий фильм дубляжи учун таржима қилишнинг ўзига хос томонлари”, “Болалар шеърияти таржимаси масалалари”, “Замонавий ўзбек шеъриятининг қай жиҳатлари турк ўқувчисини жалб қилади?” мавзусида давра суҳбати, семинар ва маҳорат сабоқлари, ижодий суҳбатлар ўтказилмоқда.
Маҳорат сабоқларини таниқли таржимонлар Тоҳир Қаҳҳор, Муҳиддин Омон, Шермурод Субҳон, Бегойим Холбекова ўтказмоқда.
Бадиий таржиманинг турли йўналишлари борасида Олимжон Салимов, Азизуллоҳ Орол, Лола Юнус қизи, Кавсар Турдиева, Иқбол Қўшшаева, Раҳмат Бобожон, Баҳодир Оташнинг ижодий маърузалари тингланди.
Айтиш керакки, 2025 йил бадиий таржима соҳасида катта янгиликлар билан бошланди. Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танлови эълон қилинди. Қирғизистонда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи қирғиз тилида чоп этилди. Москвада ХХ-XXI аср миллий шеъриятимизнинг 122 вакили асарлари жамланган “Ўзбек шеърияти антологияси” (“Антология узбекской поэзии”) китобининг 3-жилди нашр қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 7 февралдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодий меросини юртимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили”ни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида буюк мутафаккир шоир асарларини хорижий тилларга таржима қилиб чоп қилиш ишлари бошлаб юборилган. 2025-2027 йилларга мўлжалланган таржима режа-жадвали ишлаб чиқилди. Таржимонлар гуруҳи таржима қилинувчи тиллар ва жанрлар кесимида шакллантирилмоқда, таржимонлар билан ишловчи маслаҳатчи адабиётшунос олимлар гуруҳи ташкил этилмоқда.
“Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуасини нашр қилиш ишларига тайёргарлик давом этмоқда. Бу мажмуага жаҳоннинг бешта қитъаси – Осиё, Европа, Африка, Австралия ва Америка қитъаси болалар ёзувчиларининг асарлари киритилади. Ҳозирга қадар 5 та қитъадаги 65 та давлатда истиқомат қилувчи 345 муаллифнинг асарлари 100 жилдлик лойиҳасига киритилди.
Айни дамда Огаҳий номидаги мукофот танловига асарлар қабул қилинмоқда. Танлов сайти ишга туширилган. Мукофотга номзодларнинг таржимаи ҳоли, тақдим этилган асарлар ҳақидаги маълумотлар ушбу сайтга жойлаштириб борилади.
"Паркент ижод уйи"да ташкил этилган Республика таржимонлар форуми амалга ошириладиган ишларни режалаштириб олиш, олдинда турган вазифаларни муҳокама қилиб, ечимлар топишда муҳим босқич вазифасини ўтайди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири