Жорий йил 11-12-февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Бирлашган Араб Амирликларида амалий ташриф билан бўлиб, 2025 йилги Жаҳон ҳукуматлар саммитида иштирок этди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, 2013 йил БАА вице-президенти ва Бош вазири, Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум ташаббуси билан ташкил этилган мазкур анжуманнинг вазифаси глобал муаммоларни ҳал қилиш ва ҳукуматларнинг кейинги авлоди учун кун тартибини белгилаш мақсадида инновация ва технологияларга эътибор қаратиб, бошқарув келажагини шакллантиришдан иборат.
Форумда сўзга чиққан Л.Қудратов мамлакатимизга Марказий Осиёда инвестициявий хаб мавқеини ишончли эгаллаш, иқтисодиётни очиш ва глобал муаммоларга қарамай, барқарор ўсишни таъминлаш имконини берган Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичига хос қатор амалий жиҳатларни санаб ўтди.

Хусусан, савдо йўналишларини диверсификация қилиш, минтақавий иқтисодий интеграция, ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, иқтисодиётнинг юқори технологияли тармоқларини жадал ривожлантириш масаласига тўхталди. Жумладан, қайта тикланадиган энергия манбалари, яшил водород ишлаб чиқариш, IT технологияларини ривожлантириш, инфратузилма ва эркин иқтисодий зоналарга инвестиция киритиш, рақамли трансформация ва инновацияни қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирлар қайд этилди.
Вазир сессия иштирокчилари эътиборини юртимизда инвесторлар учун қулай шароитлар яратилганига қаратди. Хорижий инвестиция тўғрисидаги қонун ҳужжатлари либераллаштирилгани, давлат активларини хусусийлаштириш дастури қабул қилингани, рақамли бошқарув ва электрон давлат хизматлари жорий этилгани ҳамда таълим тизими такомиллаштирилаётгани ҳақида сўз юритди.
Саммит доирасида делегациямиз раҳбари ҳукумат ишлари, иқтисодиёт, энергетика ва инфратузилма вазирлари Муҳаммад бин Абдуллоҳ Ал-Гергавий, Абдулла бин Тоуқ Ал-Маррий, Суҳайл Ал-Мазруий, шунингдек йирик минтақавий ва халқаро компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Суҳбатдошлар билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, инновацияни жорий этиш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида ишлаб чиқариш алоқаларини мустаҳкамлашга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Умуман, Бирлашган Араб Амирликлари ишбилармонлари томонидан Ўзбекистон бозорига кириш, мамлакатимизда фаолиятни кенгайтиришга нисбатан ижобий муносабат шакллангани, ҳамкорликни кенгайтиришга ишонч мустаҳкамланаётгани яна бир бор исботини топди.
ЎзА