Илм-фан ва технология янгиликлари
Бирлашган Араб Амирликлари бунёдкорлик соҳасида эришган ютуқлари билан машҳур. Масалан, дунёдаги энг баланд иморат, энг катта сунъий орол, энг йирик томоша чархпалаги айнан шу заминда. Яқин келажакда Амирликлар яна бир ташриф қоғози билан сайёрамиз аҳлини ҳайратда қолдирмоқчи. Гап Ал-Фужайрадан Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳригача борадиган сув ости темир йўли қурилиши ҳақида.
Ушбу улкан лойиҳа илк бор 2018 йил маълум қилинган эди. Ўшанда 1 900 километрдан узунроқ сув ости темир йўли Араб денгизи соҳиллари бўйлаб қурилади, дейилганди.
Самолётдан бир соат олдинроқ, яъни икки соатда якуний манзилга етиб борадиган тез юрар поезд икки мамлакат фуқаролари, туристлар ва ишчилар учун мисли кўрилмаган қулайлик яратиши кутиляпти. Кейинчалик юк ташиш имконияти ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Экспертлар ҳисобича, қурилишга 7-10 йил кетади, лойиҳа қанча маблағ талаб қилишини эса ҳозирча тасаввур қилиш мушкул.
Инсон бошига ўқ узмайдиган ақлли қурол яратилди
Ўқ отар қурол ишлаб чиқарувчи “FN Herstal” компанияси нафақат инсонни ўлдирмайдиган қайишқоқ снаряд отадиган, балки инсон бошини таниб, ўқ узишни рад этувчи тўппонча ҳам яратди. Қурол рақамли интеллектуал дурбин билан жиҳозланган, деб ёзмоқда “New Atlas”.
Тартибсизлик ёки намойишни бостиришда қўлланадиган бу мослама бошқа аслаҳалардан фарқ қилади. Қуролнинг асосий нишони назоратдан чиққан вазиятни қайта назоратга олиш, зўравонликни камайтиришдир.
Бу жараёнда энг мақбули ўрталикдан чиқмаслик. Бир томондан қурол зўравонликнинг олдини олиш учун зарур кучга эга бўлиши, иккинчи томондан, жиддий жароҳат етказмаслиги лозим. Агар резина ўқ кўкракка тегса, одам вақтинча бўлса ҳам сафдан чиқиш ёки ортга чекинишга мажбур бўлади, лекин бошга қарата узилган ўқ ўлимга олиб келиши мумкин.
АҚШда уддабуррон робот-дастёр ўғридан қочишни уддалади
Лос-Анжелесда икки эркак “Serve Robotics” компанияси бошқараётган робот-дастёрни ўғирламоқчи бўлишди, деб ёзган “404media”. Бундай роботлар “Uber Eats” учун овқат етказиб беради. Жиноятчилар робот камера билан жиҳозлангани, барча жараённи қайд этиб боришини ҳисобга олмаган экан.
“Serve Robotics” суратга олинган материални дарҳол полиция департаментига узатган, воқеани кузатиб турган полициячилар жиноятчиларни қўлга олган.
Бошқа видео лавҳада бир киши роботни қандай ушлаб олгани ва фургонга солишга уринаётгани, робот эса қочиб кета олгани тасвирлангани акс этган. “Serve Robotics” компанияси вакиллари таъкидлашича, бундай манзара биринчи бор намоён бўлган.
АҚШ олимлари коинотда жуда кучли нурни қайд этди
“Telescope Array” лойиҳаси бўйича иш олиб бораётган халқаро тадқиқотчилар гуруҳи кузатув тарихида иккинчи бор коинотдан чақнаётган кучли нурни қайд этишди. Юта университети вакиллари хулоса қилишича, ҳозирча объектнинг табиати номаълум.
– Янги зарраларнинг манбагача бўлган траекториясини кузатиб бориш жараёнида энергия жуда юқорилиги туфайли хусусиятни аниқлаб бўлмаяпти, – дейди мутахассис Жон Мэтьюз.
Маълумот берилишича, 1991 йил “Пашша кўзи” номи берилган эксперимент жараёнида тадқиқотчилар 700 квадрат километр кенгликдаги телескоп панжараси ёрдамида тарихдаги энг кучли коинот нурини қайд этган эди. Нурни шакллантирган зарралар “Oh-My-God”, дея номланди.
Астрофизиклар маълум қилишича, галактикада бу қадар юқори қувватли нур тўлқини ҳали аниқланмаган. Зарра қуввати назарий жиҳатдан космик нур учун кўплик қилади. Таъкидланишича, бундай зарралар табиатда мавжуд эмас.
Шундан кейин, 2021 йил “Telescope Array” гуруҳи худди шундай қувватдаги яна бир коинот нурини аниқлади. Кейинроқ, 2023 йил ноябрда тадқиқотчилар японларнинг қуёш худоси шарафига “Аматерасу” номини олган зарралар янги фанни пайдо қилиши мумкинлиги ҳақида мақола ҳам эълон қилди.
Аввалроқ Корнелла университети астрономи Анна Хо раҳбарлигидаги олимлар гуруҳи “AT2022tsd” оптик транзиентни аниқлаганди. Нурнинг чақнаши Қуёш ёрқинлигидан юз миллиард марта кучли экан.
Исроилнинг “Темир гумбаз” тизимини бузиб кирган хакер қандай қутқарилди?
“Sabah” газетаси Турк махсус хизмати билан Жеймс Бонд фильми сюжетига ўхшаш воқеа рўй бергани ҳақида мақола эълон қилди. Маълум бўлишича, мамлакат миллий разведка бошқармаси Исроилнинг “Темир гумбаз” ҳаво мудофааси тизимини бузиб кирган фаластинлик хакерни “Моссад” агентлари қўлидан қутқариб олган.
2015-2016 йилларда “Темир гумбаз” тизимини вақтинча ишдан чиқара олган фаластинлик хакер Умар А 2020 йил Миср орқали Туркияга келади. Шундан кейин “Моссад” ходимлари, гўё, иш таклиф қилиш баҳонасида хакер билан алоқа ўрнатишга уриниб кўради. Табиийки, Умар рози бўлмайди. Шундан сўнг турк разведкаси хакер Туркияни тарк этмаслиги кераклигидан огоҳлантиради.
2022 йил сентябрда Умар, барибир, 15 кунлик таътилида Малайзияга бормоқчи бўлади. Сафар арафасида Туркия разведкаси Истанбул бошқармаси хакернинг телефонига, ҳатто, ўчирилган пайтда ҳам қаердалиги ҳақида хабар берувчи илова ўрнатиб қўяди.
Нашр ёзишича, Малайзияда Умарни “Моссад” агентлари ҳақиқатан ўғирлаб кетади ва тоғдаги бир уйга олиб бориб, “Темир гумбазни” қандай қилиб бузиб киргани юзасидан 36 соат мобайнида сўроқ қилади.
Туркия разведкаси ҳолатдан хабар топиб, малайзиялик ҳамкасблари билан боғланади. Ҳамкорлар уйга бостириб кириши натижасида хакер озод қилинади, воқеага алоқадор 11 киши ҳибсга олинади. Айни пайт хакер Туркияга қайтарилган, хавфсиз жойда қўриқлов остида яшамоқда.
Учар автомобил ҳаммани ҳайратга солди
Яқинда Хитойнинг Шэньчжэн юқори ва янги технологиялар халқаро ярмаркасида суперкарга ўхшаш, парракли автомобил “ақлли самолёт”га айланиши намойиш қилинди.
Хитойнинг “XPeng Aero HT” компаниясига тегишли мазкур ишланма ерда ҳам, ҳавода ҳам эркин ҳаракат қилади. Юрганда тахланувчи паррагини кузов ичига яширадиган машина ихчам, ҳаракати хавфсиз транспорт воситасига айланади.
Мазкур учар автомобил келаси йил январда АҚШда бўлиб ўтадиган истеъмол электроника маҳсулотлари кўргазмасида намойиш қилинади.
Интернет материаллари асосида
С.Раҳимов тайёрлади, ЎзА