Баҳор келди сизни сўроқлаб...
Аслида Яратган эгам бандасига ҳадя қилган фаслларнинг ҳам, ой, кунларнинг ҳам ёмони бўлмайди. Лекин барибир баҳор фасли ўзгача. Кўнгил баҳорга талпинаверади.
1 март – Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуди куни
Аслида Яратган эгам бандасига ҳадя қилган фаслларнинг ҳам, ой, кунларнинг ҳам ёмони бўлмайди. Лекин барибир баҳор фасли ўзгача. Кўнгил баҳорга талпинаверади.
Ариқ лабларида сарғимтир, яшил майсалар аро титранибгина бош кўтариб келаётган гунафшани, ҳатто у бир дона бўлсаям, сезамиз. Бор бўйимиз билан эгилиб омонлик тилаймиз. Уни гоҳ марварид, гоҳ дурга қиёслайверамиз. Биз, ижодкор аёллар учун баҳорга кўркамлик бахш этувчи яна бир ҳодиса бор – бу фаслнинг илк кунини устозимиз Зулфияхонимнинг туғилган куни сифатида хотирлаймиз.
– Эсингиздами Зулфия опамнинг етмиш йиллик юбилейида...
– Устоз саксонга кирганида мана бундай воқеа рўй берган эди...
Хотиралар хотираларни бошлаб келаверади. Эслайверамиз, эслайверамиз... Эсдаликлар аро Зулфияхонимнинг нурли, покиза чеҳраси қалқиб чиқаверади. Қалбимизга яна ўша “Мана бундай десак, опа нима дер экан? Мана бу ишимизга устоз қандай баҳо берар экан?” тарзидаги саволлар қайтиб келгандай бўлади. Ҳа, ростдан бизда шундай туйғу бўлган. Биз бу туйғудан сиқилмасдик, ўзимизни қирғоқлар орасида оқаётган сувларга қиёсламасдик. Чунки биз уларнинг меҳр қўрғонида ҳимояланган эдик, бу қўрғонда ўзимизни эркин, ишончли ҳис этардик. Дуч келишимиз мумкин бўлган ҳаёт мураккабликларидан унча чўчийвермасдик. Чунки устоз ўзларини биз учун жавобгар, масъул ҳис қилар эди. Уларга бу вазифа биров томонидан юклатилмаган. Ҳеч ким Зулфияхонимдан биз борамизда ҳисоб сўрамаган. "Нечта қизингизнинг қандай китоблари чоп этилди? Қайси бири кимга турмушга чиқди? Давраларда ўзини тутиши, юриш-туриши қандай?" деган сўроқлар бўлмаган. Зулфияхонимнинг она юраги ўз амри билан қилган бу ишларни, ўз ихтиёри билан бизнинг ташвишимизни гарданларига олган.
"...Зулфия опамлар патнисга уйиб қўйилган гул япроқчаларидан бир сиқим олиб бошим узра сочдилар... Биз учун ажратилган жойга бориб ўтиргунимизга қадар гул ёмғири тингани йўқ... Тўйдан кейин қизлар айтишди: Зулфия опамлар куёв навкарлар ташрифи олдидан дугоналаримни йиғиб, икки чиройли патнисга қизил, оқ, пушти гуллар япроқларини саралаб тайёрлаб қўйишни илтимос қилибди. "Бу кун ёшларнинг ҳеч қачон эсидан чиқмайдиган кун бўлсин" деган экан". Бу Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Раҳима Шомансурова хотираларидан.
"...Машаққатли кунларимда доим Зулфия опанинг меҳрли қўлларини ҳис қилганман. 1969 йилнинг ёзида оғир касал бўлдим. Ўзимга келгач, шифокор Людмила Шиманская сўраб қолди.
– Зулфиянинг қариндошимисиз?
– Йўқ , шогирди бўламан.
– Устознинг бундай жонкуярлигини кам кўрганман. Устозингизнинг меҳри ҳақи омон қолдингиз...". Бу Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиеванинг хотираларидан.
"Зулфия опа жуда масъулият билан ишларди. Ҳаттоки бетоб бўлиб қолсалар ҳам "Саодат"да босиш учун тайёрланган ҳамма материалларни ўзлари кўрардилар. Кўрганда ҳам, нафақат маъноси, мақсади, стилистикасига эътибор берардилар, балким ҳар бир сўзнинг нечоғли ўрнига тушган-тушмаганлигини бир эшитганда илғардилар”. Бу Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғова хотираларидан.
Хотиралар, хотиралар... Кимдир "Саодат" журнали таҳририятида ишлаган Шура исмли аёлнинг туфлиси уриниб қолганини кўриб, унга туғилган куни муносабати билан туфли совға қилганлигини эсласа, яна биров қайнонаси Комила буви ўғли вафотидан сўнг Жиззахга кетмоқчи бўлганида "Биз қаерда яшасак, сиз ҳам ўша ерда яшайсиз" дея олиб қолганини, фақат онасига ғамхўрлик кўрсатиб қолмай, ука-сингилларига ҳам келинойилик эмас, опалик қилганини эслаганда ҳам устознинг суврати ва сийрати тасаввуримизда бир бутун, яхлит ҳолда намоён бўлади. Демоқчимизки, бу эсдаликларда опанинг олижаноблиги, қалби бутунича кўринади, қўяди.
Фақатгина “Опа“ деган атаманинг ўзинигина олиб қарайлик. Ўтган асрнинг 60-90-йилларида бизнинг юртимизда “Опа“ деб гапирилса, фақат Зулфия опа тушунилган, бир миллат учун “Опа”лик мақомига кўтарилиш учун устоз қанча меҳр-муҳаббат, қанча бедорлигу беоромликлар сарфлади экан?! Эҳтимол, ўзлари ҳеч қачон бу ҳақда гапирмагандирлар. Чунки устоз "ман-ман" дея кўксига уришни ёқтирмасди.
Ҳаётим кемаси сузади ҳамон,
Эшкакни отсам ҳам силжир илгари.
Ортда қолган йиллар олтиндай хирмон,
Бутун меҳрим берсам, етмас олгани.
Неки қўлим тутиб, кўзим кўргани –
Барин ютди ҳаёт тўлқини тарих.
Шундан баҳоримга кузнинг киргани,
Шундан лола рухсор бўлгани сариғ...
Бошқа бир шеърига эътибор қилайлик:
Мендан бошланади уйда уйғониш,
Зеро , уйқу нима билмаган жонман.
Менга жуда мушкул яшашдан қониш,
Сафардан бир нафас тинмас карвонман.
Яна бошқа шеърни ўқиймиз:
Тинмай оғрийди бошим,
Кўз очишга мадор йўқ.
Ботди умр қуёшим,
Дарднинг булути қуюқ,
Чоғи...
Унмайди ишим.
Ўкинчдан оғрир юрак.
Бу яшаш , бу бир турмуш,
Унга тоб бермоқ керак.
Шоиранинг рангини сариқ қилган, бошига оғриқ бўлиб кирган дардлар, доим тинмас карвон бўлишга масъул қилган сабаблар орасида биз ҳам борлигимиз аниқ. Шоир бўлиб, аёл бўлиб уларга доим қувонч бағишламаганмиз-ку, ахир... Лекин улар бизни бор-боримизча қабул қилган, бор-боримизча устоз мақомида туриб яхшиликлар қилаверган.
Зулфияхонимдай ҳар баҳорда сўроқланишининг асосий сабабларидан бири уларнинг ҳаётлари давомида аёл, шоира, она сифатида миллатимиз учун қадрли бўлган қадриятларга ҳеч қачон оёқ босмаганлари бўлса, яна бир сабаби устоз мақомидаги бағрикенглиги, фидойилигидир.
...Яна баҳор келяпти. Устознинг сўзлари, ўзлари ёдланяпти. Миннатдорликлар, ташаккурлар, ҳаваслар ва тазаррулар билан. Токи халқ бор экан, покиза аёллик, жонфидо устозлик қадрланар экан, Зулфияхоним шундай соғинч билан эсланаверади.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими.