Бағдат АМРЕЕВ: Ўзбекистон иштирокида кенгаш келажагига катта умид билан қарамоқдамиз
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдат АМРЕЕВ Ўзбекистон билан ҳамкорлик ва ташкилотнинг Бокуда ўтадиган саммити хусусида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдат АМРЕЕВ Ўзбекистон билан ҳамкорлик ва ташкилотнинг Бокуда ўтадиган саммити хусусида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга тўла аъзо сифатида қўшилиши тўғрисидаги қонунни имзолаши тарихий ҳодиса. Туркий кенгаш бундан 10 йил аввал тузилган. Ўзбекистон аслида ушбу кенгаш фаолиятининг ажралмас қисми бўлиб келган. Чунки туркий дунёни Ўзбекистонсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Ўзбекистон Туркий кенгашнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлган бугунги кунда ишонч ва ғурур билан шуни айта оламизки, энди у бутун туркий дунёнинг манфаатларини ифода этадиган, ҳимоя қиладиган ва қўллаб-қувватлайдиган тўлақонли ташкилотга айланди.
Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Туркий кенгаш кун тартибидаги барча масалаларни муҳокама қилдик. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда иқтисодиёт, ахборот технологиялари ва ёшлар билан боғлиқ таҳдидлар чуқур хавотир уйғотмоқда. Барча таҳдидларга биргаликда қарши туриш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш зарур. Туркий кенгаш бунда муҳимдир.
Яқинда Бокуда бўлиб ўтадиган саммитда туркийзабон давлатлар раҳбарлари Шавкат Мирзиёевни қардош Ўзбекистон раҳбари – Туркий кенгашнинг янги аъзоси сифатида кутиб олишади. Саммит иқтисодиёт, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга бағишланади.
Туркий кенгаш аъзо мамлакатлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида сезиларли ишларни амалга оширди. Туркий дунё Савдо-саноат палатаси тузилди, кичик ва ўрта бизнесга кўмаклашувчи инвестиция фонди ташкил этилмоқда. Биз транспорт масалаларига устувор аҳамият қаратамиз. Бу Ўзбекистон учун ҳам айниқса муҳим.
Ўзбекистон замини жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган. Бу салоҳиятдан бутун туркий давлатлар фойдаланишига имкон пайдо бўлди. Биз Ўзбекистон иштирокида кенгаш келажагига катта умид билан қарамоқдамиз.