Бўстон шаҳридаги марказий ўйингоҳ нега бузилмоқда?
Бу хабар қанчалик асосли эканлигини аниқлаш учун туман ҳокимлигига мурожаат қилиб, бузилаётган марказий ўйингоҳга ташриф буюрдик.
Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани маркази – Бўстон шаҳридаги марказий ўйингоҳнинг бузилаётганлиги ҳамда унинг ўрни одамларга сотилаётганлиги ҳақида хабар тарқалди. Бу хабар қанчалик асосли эканлигини аниқлаш учун туман ҳокимлигига мурожаат қилиб, бузилаётган марказий ўйингоҳга ташриф буюрдик.
– 15 минг томошабинга мўлжалланган мазкур стадион 1991 йилда қурилган. Бироқ ўтган йиллар мобайнида унда таъмирлаш ишлари олиб борилмаган, – дейди Элликқалъа тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Азимжон Қурбанов. – Шу боис, трибунанинг бетон зинопоялари ҳамда ён томонидаги деворларда ёриқлар пайдо бўлиб, стадион авария ҳолатига келиб қолган.
Шунинг учун бу ерда 2012 йилдан буён ҳеч қандай тадбир ва спорт машғулотлари ўтказилмайди. Биз стадионнинг бир қисмини бузиб, қолган қисмини капитал таъмирлаш бўйича манзилли дастурга киритиш чораларини кўрмоқдамиз. Бу бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидан рухсат олганмиз. Ижтимоий тармоқларда стадион бузилиб, унинг ўрнига хусусий уйлар қуриш учун ер режаси фуқароларга берилаётир, деган миш-мишлар тарқалибти.

Буни ким ва нима мақсадда тарқатгани бизга номаълум. Бизнинг мақсадимиз туман марказида 2,5 – 3 минг томошабин сиғадиган Мўйноқдаги каби чиройли, замонавий стадион қуриш. Стадионга махсус қоплама ва югуриш йўлаги ётқизилади ва соябон тортилади.
Кейинчалик мазкур ўйингоҳда нафақат спорт машғулотлари, балки йирик тадбирларни ҳам ўтказиш ниятимиз бор. Очилган ер майдонлари эса майсазорликка айлантирилади, гуллар экилади. Одамларга уй қуриш учун берилмайди.
Бўстон шаҳридаги марказий ўйингоҳнинг қошида Маданият саройи ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактаби жойлашган. Стадионнинг ташқарисидан қаралганда у ҳудди катта тупроқ уюмига ўхшайди, уни биринчи кўрган киши стадион деб ўйламайди. Мутасаддиларнинг билдиришича, марказдан келган юқори лавозимдаги амалдорлар ҳам “нима учун шаҳар марказига тупроқ уюлиб қўйилган?” деб, эътироз билдирган.

Стадион қурилган вақтларда унинг ташқариси тупроқ билан қуршалган, трибуналар шу тупроқ уюмига суяниб турибти.
А.Қурбановнинг айтишича, стадионнинг фақат 4 та сектори капитал таъмирлаш учун қолдирилади, колгани “снос” қилинади. Ҳозирда бир қисми бузилиб, ундан чиққан чиқиндилар одамлар томонидан олиб кетилмоқда.
– Бизга “снос” учун бюджетдан пул берилмайди, шу боис, хоҳловчилар бузилиши мумкин бўлган қисмидаги тупроқларни, чиқиндиларни ўзлари ташиб олиб кетмоқда. Стадионни капитал таъмирлаш масаласи Инвестиция дастурига киритилгунга қадар, биз шундай ҳашар йўли билан “снос” масаласини ҳал қилиб қўймоқчимиз, – дейди у.

Ижтимоий тармоқларда Бўстон шаҳри марказидаги ҳарбий самолёт макети ҳам ўрнидан кўчирилганлиги салбий ҳолат сифатида талқин қилинган.
Маълум бўлишича, ҳарбий самолёт макети туман марказидаги Жалолиддин Мангуберди номидаги истироҳат боғига кўчирилган. Аввалги турган жой кўримсиз ва белгисиз жой бўлган. Болалар устига чиқиб ўйнаган, устидан йиқилиб жароҳат олган ҳолатлар бўлган.
Шу атрофда яшовчи аҳоли эътирозидан кейин, истироҳат боғидаги аттракционлар ёнига кўчирилган.
