Азим Суюн энди шеърларида яшайди!
Раҳматли Азим Суюн китоблари чоп этилгани заҳтиёқ каминага ҳам албатта инжа дастхати ила илинар, бирон шеърини ёддан ўқиб, зўр ёзибсиз, деган эътирофимиздан бир олам завқ туяр эди.
Эй дўст, умр охири шу кез бўлдими,
Видолашув они шунча тез келдими?
Тоғу-тошлар, сор бургутлар сўрар бугун,
Қани дея, бизни суйган Азим Суюн?
Зилол чашма қошида тек қотди кийик
Дўстлар бари боши эгик, дили куйик...
Бугун, орамиздан чин дунёга сафар қилган Азим ака билан ғойибона-ашъорлари орқали қарийб қирқ йил, бевосита йигирма йилга яқин ҳамсуҳбат бўлганимни, У кишидаги соддалик ва чўнг самимиятни, одамларга бўлган чексиз меҳрни эслаб ўтирибман. Азим аканинг улкан эҳтирос ила, кўксини тўлдириб, “Э-эҳ-е, шундайми-ей-а! Воҳ-воҳ!”, демиш, фақат ўзигагина ярашиқли ҳайқириғи қулоғим тагида жаранглагандай бўлади.
Ҳа, Азим ака ҳамма нарсага катта ҳайрат билан қарар, ҳамма нарсадан буюк ҳикмат туя билар эди. Унинг ҳамма ҳайратлари шеърларига кўчган эди. Ана шу меҳрга қоришиқ ҳайратлари У кишининг бутун ҳаётини безади, ҳам ана шу ҳайратлари боис элига ажойиб ва ғаройиб туҳфа қолдириб кетди.
Раҳматли Азим ака китоблари чоп этилгани заҳтиёқ каминага ҳам албатта инжа дастхати ила илинар, бирон шеърини ёддан ўқиб, зўр ёзибсиз, деган эътирофимиздан бир олам завқ туяр эди.
Ҳамсуҳбат бўлганлар билади, у киши тоғдай одам эди. У кишидан ўша ўзи васф этган - андиз ўсган тоғлар нафаси, қирларнинг мусаффо ҳавоси уфуриб турар эди. Мен, У КИШИ билан бир заминда туғилганим, ҳамсуҳбат бўлганим, шеърларини ўзидан эшитиш бахтига муяссар бўлганим, бир даврда яшаганимдан фахрланаман.
Шоир Азим Суюн ўлгани йўқ. У киши шеърларида, шеърлари билан яқинлари, дўстлари ва мухлислари қалбида мангу яшайди.
Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист