Аждодлар жасорати – эртанги авлод учун маънавий мерос
Бугун “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Хотира ҳамиша муқаддас, қадр – азиз” шиори остида маърифий-маънавий тадбир ташкил этилди.
Унда жамият бошқаруви аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият департаменти вакиллари, фаол ишчи-ходимлар, ёш мутахассислар ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларининг таъкидлашича, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз, юртимиздаги барқарорлик ҳамда тараққиёт – Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо қилган мард ўғлонларимиз жасорати ва фидокорлигининг самарасидир. Шу муносабат билан тадбир давомида халқимиз тарихида ўчмас из қолдирган, жангу жадалларда ватанпарварлик тимсолига айланган аждодлар хотираси юракдан ҳурмат ила ёдга олинди.
[gallery-23214]
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Нуриддинбек Маҳмудовнинг сўзларига кўра, Хотира ва қадрлаш куни фақат расмий сана эмас, балки миллатнинг маънавий юксалиши, тарихий хотирани тиклаш ва уни авлодларга етказишда беқиёс аҳамиятга эга.
–Аждодларимиз жасорати – бугунги тинч ҳаётимизнинг асосидир. Биз уларнинг руҳлари олдида доимий қарздормиз ва бу хотирани ҳеч қачон йўқотмаслигимиз керак. Шу маънода, бугунги тадбир ватанпарварлик руҳида, юксак кайфиятда ўтди. Ёшлар Ватанга садоқат, тарихга ҳурмат ва келажак учун масъулият ҳисси ҳақида сўз юритди. Таълимий ва маънавий жиҳатдан мазмунли бўлган мазкур учрашув ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар учун буюк аждодлар жасоратига нисбатан ҳурмат ва садоқатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, – деди Н.Маҳмудов.
Тадбир якунида ижро этилган куй ва қўшиқлар иштирокчилар қалбида ғурур ва миннатдорлик туйғуларини уйғотди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА