Аждодлар хотираси мангу барҳаёт
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Хотира майдонида вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, урушда жон фидо қилган юртдошларимиз хотираси ёдга олинди.
Навоий вилоятида ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ўзгача шукуҳ ва кўтаринкилик билан кутиб олинди. Байрам кунлари Иккинчи жаҳон урушида, шунингдек, ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлганлар хотираси ёдга олиниб, ушбу дориломон кунларнинг фидойилари жасорати шарафланди.
Ҳар йилидек, бу йил ҳам муҳтарам Президентимиз мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” ги фармонга имзо чекди.
[gallery-11818]
Унга кўра, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига республика давлат бюджетидан бир марталик пул мукофоти – 18 миллион сўмдан маблағ ажратилди. Ушбу пул мукофоти, Президент табриги ва қимматбаҳо совғалар мутасаддилар томонидан тантанали ва байрамона вазиятда топширилди.
Бугунги кунда вилоятда 9 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари истиқомат қилмоқда. Байрам арафасида пиру бадавлат отахон ва онахонларимиз ҳолидан хабар олинди.
Барча жойларда – таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳалла гузарларида уруш ва фронт орти фахрийлари иштирокида маданий-маърифий учрашувлар ўтказилмоқда.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА