Аждодлар кашфиётида инновацион ғоялар
Маданий мерос департаментининг Бухоро вилояти бошқармаси миллий рўйхатида жами 829 та объект бўлиб, шулардан 287 таси археология объектлари ҳисобланади.
Маданий мерос департаментининг Бухоро вилояти бошқармаси миллий рўйхатида жами 829 та объект бўлиб, шулардан 287 таси археология объектлари ҳисобланади.
Археология объектларда ЎзР ФА Миллий археология маркази, Самарқанд филиали ҳамда Россия, Америка, Франция ва Италия давлатларининг етакчи археологлари ва Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида мавсумий археологик илмий тадқиқот ишлари ҳам олиб борилади. Изланишлар жараёнида 2013 йил Самарқанд археология институти ҳамда Франциянинг Лувр музейи археологлари, вилоятнинг Қоракўл туманидаги Пойкент шаҳарчасида олиб борган тадқиқотлари пайтида IX-X асрларга оид жуда ноёб буюмни топилди. Бу топилма аждодларимиз томонидан юксак маҳорат билан яратилган йиғма қошиқ ва санчқи кўринишидаги дурдона санъат асаридир. Аниқроғи, ўз замонасининг буюк кашфиётларидан бири ҳисобланади.
Аждодларимиз ўзининг замонасида мана шундай инновациялар асосида кўплаб буюмларни кашф этгани биргина мана шу оддий қошиқ ва санчқида ҳам кўриш мумкин. Қошиқ томонига ўзига хос услубда қуш тасвири ва атрофи бўйлаб занжирсимон безак, тутқичи эса ўсимликсимон нақшлар билан безатилган, санчқи тарафи икки тишли қилиб ясалган. Йиғма ҳолатда 6,2 х 3,9 см бўлса, очилган ҳолатда 16 см ни ташкил этади. Бундай буюмлар шунчаки яратилмаган, ишлатилган безакларнинг ҳар бирининг ўз маъноси борлиги кишини мулоҳазага ундайди. Шундай экан, ноёб топилмани асраб авайлаш, илмий тадқиқ қилиш даркор. Қолаверса, келажак авлодга асл ҳолича етказиш мақсадида, ривожланган давлатлар музейларининг “Реставрация ва Концервация” лабораторияларининг тажрибаларига таянган ҳолда замонавий таъмирлашда қўлланиладиган, полимер ва реактивлардан ўз ўрнида фойдаланган ҳолда тозалаш ва консервация ишлари олиб борилди. Албатта буюмнинг устки қисми қаттиқ коррозия билан қоплангани, узоқ вақт тупроқ остида ётгани сабаб, металлнинг асл хусусияти ўзгарганлигини инобатга олиб, таъмирлашда кўзда тутилган барча қоидаларга риоя қилинди.
2014 йил тозалаш ва консервация ишлари мувафаққиятли якунланиб музей фондига топширилди. Бу экспонат ҳозирги кунда Бухоро давлат музей қўриқхонаси Тарих бўлими Археология кўргазмаси залида намойиш қилинмоқда. Шуни айтиш жоизки, ҳали Бухоро заминида бунга ўхшаш яъни ҳозирги тил билан айтадиган бўлсак инновацион ғоялар асосида яратилган буюмлар, бебаҳо ёдгорликлар анчагина. Буларни асраб авайлаш, илмий тадқиқ қилиш, маданий мерос ходимлари ва археологларнинг улкан мақсадларидан бири ҳисобланади.