Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 августда “Имом Доримий ва унинг меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси” тасдиқланган эди. Ушбу режанинг ижроси ўлароқ, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти кундузги таълим тизими 2-курс талабалари ўртасида “Имом Доримийга муносиб ворис бўлайлик!” шиори остида мусобақа ўтказилди.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва дуойи хайр билан бошланди.
Жамоалар 3 та шарт бўйича беллашди. Ҳакамлар ҳайъатининг қўйган баллари асосида чиқарилган якуний хулосага кўра, биринчи ўрин “Доримийнинг муснид шогирдлари” жамоасига берилди. Иккинчи ўринга “Доримийнинг фақиҳ шогирдлари” жамоаси, учинчи ўринга “Доримийнинг ҳофиз шогирдлари” жамоаси лойиқ топилди.
“Имом Доримийга муносиб ворис бўлайлик!” шиори остида ўтган мусобақа ғолибларига қимматбаҳо совғалар ва дипломлар топширилди. Шунингдек, Имом Доримийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда Сийрат фани бўйича талабалар ўртасида ўқув йили давомида мақолалар танлови ўтказилган бўлиб, мусобақа доирасида танлов ғолиблари ҳам тақдирланди.
Самарқандлик муҳаддис, муфассир ва фақиҳ Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Баҳром ибн Абдуссамад Доримий Ҳофиз Самарқандий милодий 794-869 йиллари яшаган бўлиб, муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг устози ҳисобланади.
Ёшлигидан ақл-заковати ва ўткир қуввайи ҳофизаси билан тенгдошлари орасида пешқадам бўлиб, ҳадис илми бўйича дастлабки билимни Самарқандда эгаллади. Сўнгра Миср, Шом, Ироқ ва Хуросоннинг турли шаҳарлари ҳамда Макка ва Мадинада таниқли олимлардан сабоқ олди.
XII асрда яшаган Нажмиддин Умар Насафий Имом Доримий ҳақида: “У ҳадис, осор ва суннат илмларини Самарқандда юзага чиқарган зотдир”, деб айтган.
Доримий Самарқанд султони томонидан қози калон лавозимига таклиф этилади, бироқ ҳақдорлар ўртасида адолатли ҳукм чиқариш масъулияти машаққатли эканлигини англагани сабабли истеъфога чиқади.
Доримийнинг “Муснад”, “Тафсир”, “Жомеъ” ва бошқа кўплаб асарлари мавжуд. “Муснад” асари “Сунани Доримий” номи билан машҳур. Ислом алломалари уни “Саҳиҳ” деб аташни таклиф қилганлар ва “Сиҳоҳи Ситта”, яъни “Олти саҳиҳ” китоблари туркумига киритишни тавсия этган. Муҳаддис “Сунани Доримий” асарида ҳадисларни мавзуларга ажратиб баён этган.
Буюк аждодимиз Имом Доримий Самарқанддаги Чокардиза қабристонида мангу қўним топган.
Бу каби ижодий танловлар аждодларимизнинг буюк меросини ўрганишда катта аҳамият касб этади.
Н.Усмонова,
ЎзА