Айрим қонун лойиҳалари маъқулланмади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов йиғилишни кириш сўзи билан очар экан, дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Остона саммити ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги иштироки ва ўз нутқида илгари сурган қатор муҳим ташаббус, таклифлари хусусида тўхталиб ўтди.
Минтақа барқарорлигини таъминлашда ўзаро ҳамкорлик ва стратегик шерикликдаги саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Турли соҳалардаги келишувлар ижросини таъминлашда миллий парламентимиз ва сиёсий партиялар фракциялари ҳам фаоллик кўрсатиши зарурлигини қайд этди.

КEЛИШУВ КОМИССИЯСИ ТУЗИЛАДИ
Шундан сўнг йиғилишда «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
Мазкур қонун Олий Мажлис Сенати томонидан рад этилган эди. Шуни ҳисобга олиб, қонунга масъул — Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича Олий Мажлис палаталарининг Келишув комиссиясини тузиш таклифини илгари сурди. Айрим депутатлар қўмитанинг таклифини рад этиб, қонуннинг долзарблигини инобатга олган ҳолда уни Ўзбекистон Республикаси Президентига тўғридан-тўғри юбориш таклифини билдирди. Баъзи халқ вакиллари эса қонуннинг айрим моддаларини янада такомиллаштириш зарурати мавжудлигини қайд этиб, Келишув комиссиясини тузиш маъқуллигини билдирди. Қизғин муҳокамалардан сўнг масъул қўмитанинг таклифи овозга қўйилди. Халқ вакиллари мазкур қонун бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун белгиланган тартибда Келишув комиссиясини тузиш билан боғлиқ таклифни маъқуллаб, овоз беришди.
«ҚИЗИЛ КИТОБ»ГА КИРИТИЛГАН ҲАЙВОНЛАРНИ САҚЛАШ ВА ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ БEЛГИЛАНАДИ
Йиғилишда «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 43-моддасига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Кейинги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни яхшилаш, биохилма-хилликни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ёввойи ҳайвонлар, шу жумладан, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларнинг барқарор яшаш шароитларини таъминлаш, уларнинг табиий популяцияларини сақлаб қолиш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда, — деди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Нарзулло Обломуродов. — Бироқ, айрим фуқаролар томонидан ёввойи ҳайвонларни хонадонларда сақлаб келинаётганлиги, уларни жамоат жойларида олиб юриш ҳолатлари содир этилаётганлиги ҳамда бу каби ҳолатлар атрофдаги бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий хавф туғдираётганлиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан қонунчилик ҳужжатлари ўртасидаги тафовутларни бартараф этиш, соҳадаги рухсат бериш тартиб-таомилларини самарали амалга ошириш, ёввойи ҳайвонларни аҳоли турар жойларида сақлашда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда ёввойи ҳайвонлар билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш кўзда тутилган. Масалан, ярим эркин шароитда ёки тутқунликда сақланаётган ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакиллари иштирокисиз, ўзбошимчалик билан чиқариб юбориш тақиқланмоқда. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»га киритилган ҳайвонларни сақлаш ва фойдаланиш тартибини белгилашга, ёввойи ҳайвонлар билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан қатор саволларни ўртага ташладилар. Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилинди.

ЭЛEКТРОН ГАРОВ ХАТИ КОНЦЕПЦИЯСИ ЖОРИЙ ҚИЛИНАДИ
Кун тартибидаги навбатдаги масала — “Ипотека кредити бозорининг ривожлантирилиши ва кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Бугунги кунда ипотека кредити бозори ривожланиб, кенгайиб бормоқда, — деди Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов. — Мазкур қонун лойиҳаси билан «Ипотека тўғрисида»ги қонунга онлайн тартибда ёки давлат хизматлари марказига бориш орқали гаров хатини расмийлаштириш, гаров хати билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинмоқда. Электрон гаров хати концепциясининг жорий қилиниши гаров хатини расмийлаштириш, уни бериш, қайта молиялаш жараёнини соддалаштиради. Бундан ташқари, гаров хатини онлайн тартибда ёки давлат хизматлари марказларига бориш орқали расмийлаштириш харажатларни камайтириш, вақтни тежаш ҳамда гаров хатидан фойдаланиш имкониятини оширади. Ҳозирги пайтда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан гаров хатини расмийлаштириш пайтида томонларнинг иштирок этиши, ариза берувчиларнинг Кадастр органларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиши талаб этилади. Бу ўз навбатида, бир қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Қонун лойиҳасидаги нормалар томонларга мулк бўйича мавжуд юкламалар ҳақида холис ва аниқ маълумотларга эга бўлиш имкониятини яратади. Бунда самарали қайта молиялашга тўсқинлик қилувчи қонунчилик талаблари бекор қилинади.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар лойиҳа юзасидан баъзи эътирозларини билдирди. Ундаги айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар айтилди. Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш тўғрисидаги қўмита таклифи овозга қўйилди ва кўпчилик овоз билан маъқулланмади.
Мажлисда шунингдек, яна бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.


Муҳтарама Комилова, ЎзА