Айрим ННТлар ишончни оқламаяпти
Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси “учинчи сектор” вакилларининг энг муҳим, энг сара ижтимоий лойиҳаларини молиялаштириб келмоқда.
Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси “учинчи сектор” вакилларининг энг муҳим, энг сара ижтимоий лойиҳаларини молиялаштириб келмоқда. Бироқ маблағ қўлга киритилгач, айрим лойиҳаларда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар фақат қоғозда қолиб кетяпти, ишонч оқланмаяпти.
Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилишида айни масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилишича, 2017 йилда 248 та лойиҳа давлат гранти шаклида 6 миллиард 30 миллион сўмга қўллаб-қувватланган. Адлия ҳамда молия органлари томонидан грант лойиҳаларнинг амалга оширилганлиги бўйича мониторинг ўтказилди.
Парламент комиссияси аъзоси, адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқуловнинг айтишича, адлия органлари олиб борган мониторинг натижасида 74 та ННТда 194 та камчилик аниқланган. 76 та ННТда142 225 695 сўм маблағ сметага кўра сарфланмай қолган. Шунингдек, 10 та ННТда 86 922 357 сўм маблағ мақсадсиз сарфланган. Масалан, Фарғона вилоятидаги “Чимён сув ҳалол” нодавлат нотижорат ташкилоти 24 миллион сўм, Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг Тошкент вилояти бўлими 18 миллион 835 минг сўм маблағни ижтимоий лойиҳада кўзда тутилмаган мақсадларга йўналтириб юборган.
Парламент комиссияси аъзоси, Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдулазиз Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, грант маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш бўйича Тошкент шаҳридаги ННТлар “етакчи”. Ҳозирги кунда 55 та ННТда сарфланмай қолган маблағлар жамоат фондига қайтарилган.
– Айрим ННТларда грант лойиҳаси ва лойиҳа бўйича смета мавжуд эмаслиги сабабли мониторингни ўтказишда ноқулайликлар юзага келди, – дейди А.Тошқулов. – Келгусида мониторинг сифатини янада ошириш мақсадида грант лойиҳаси, лойиҳа бўйича смета нусхаларини молия ва адлия органларига тақдим қилиш ёки уларни жамоат фондининг расмий сайтига жойлаштиришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Йиғилишда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг давлат субсидияси доирасида 2019 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ассоциация ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ижтимоий шериклик доирасида 80 дан ортиқ тадбир ўтказилди. ННТларга услубий кўмак бериш мақсадида грант лойиҳаларини ёзиш ва грант танловда иштирок этиш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Хотин-қизлар қўмитаси, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон тиббий илмий фаолияти билан шуғулланувчи табобат академияси ҳамда Экологик партия билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Бу каби ишлар Парламент комиссияси томонидан ижобий баҳоланди ва ассоциациянинг субсидияси доирасидаги фаолияти қониқарли, деб топилди.
Парламент комиссияси аъзолари 2018 йилда давлат ижтимоий буюртмаси шаклида қўллаб-қувватланган 4 та ННТнинг лойиҳа якуни бўйича ҳисоботини ҳам эшитди. Ижтимоий буюртма доирасида амалга оширилган ишлар эътиборга молик. Масалан, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 20 та маҳаллада фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, атроф- муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларига қаратилган “Маҳалла фуқаролар муҳофазаси” марказлари фаолиятини йўлга қўйди. Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти эса “ОАВ ва Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари” номли қўлланмани нашр этди. “Ҳуррият” газетаси таҳририяти “Ҳаракатлар стратегияси: тараққиёт ва демократия пойдевори” мавзусида танлов ташаббускори бўлди.
Мазкур “учинчи сектор” вакилларининг давлат ижтимоий буюртмаси доирасидаги фаолияти қониқарли, деб топилди. Фақат Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши “Ёшлар келажаги қонунларга риоя қилишдан бошланади” номли лойиҳаси доирасида олиб борилган ишлар ҳақида аниқ ва етарлича маълумотлар тақдим этмагани боис Парламент комиссияси аъзолари ҳисоботни қабул қилишни рад этди.