Бу ҳақда биласизми?
Юртимизда ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер билан узвий боғланган Давлат кадастрлари ягона тизимини тўлақонли юритишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада қатор меъёрий ҳужжатлар ҳам қабул қилинган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 майдаги “Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2014 йил 10 июлдаги 186-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарорига асосан, кадастр паспортини расмийлаштиришда давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғимлар ундириш белгиланган. Аммо бир қатор ҳолатларда бу йиғимлар ундирилмаслиги мумкин.
– Кўчмас мулк обекти бўйича бирламчи кадастр йиғмажилди (паспорти) мавжуд бўлиб, бегоналаштирилганда ёки объектда ўзгаришлар (реконструция, қўшимча ва алоҳида қурилиш) мавжуд бўлмаганда йиғим ундирилмайди, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи Отабек Тўхтаев. – Шу билан бирга, кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда объектнинг қолган қисмига, реконструкциясиз тоифаси ўзгарганда, шунингдек, кадастр йиғмажилди (паспорти) йўқолганда жисмоний ёки юридик шахслардан тўлов амалга оширилмайди.
Биргина январь ойининг ўзида Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилоят бошқармаси туман ва шаҳар филиаллари томонидан турар жой тоифасидаги 36 та, квартираларнинг 8 та, нотурар жойларнинг 41 та паспорти бепул алмаштириб берилган.
Шунингдек, қарорда фуқаронинг фамилияси, исми ва отасининг исми, тадбиркорлик субъекти – юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва (ёки) фирма номи ўзгарганда ҳам кадастр паспорти шакллантиришдан ташқари давлат рўйхатидан ўтказишда давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғимлар ундирилмаслиги белгиланган. Бу йўналишда Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси томонидан январь ойида 469 та ҳолатда хизмат кўрсатилган. Уларнинг 288 тасини якка тартибдаги тураржойлар, 148 тасини квартиралар ва 33 тасини ер участкасига бўлган ҳуқуқлар ташкил қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири