Аёлларнинг қишлоқ хўжалигидаги имконияти кенгаймоқда
Тошкентда аёлларнинг қишлоқ хўжалигидаги имкониятларини кенгайтириш масалаларига бағишланган форум ўтказилди.
Марказий Осиё ва Туркиядан 140 нафар иштирокчини жамлаган мазкур анжуман Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Ўзбекистон ҳукумати, хусусан Олий Мажлис Сенати, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилиб, Европа Иттифоқи томонидан “EU-AGRIN” лойиҳаси доирасида молиялаштирилди.
Мазкур йирик тадбир аёллар учун агробизнесни ривожлантириш имкониятини кенгайтириш, экинларнинг биологик-экологик хилма-хиллигини ўрганиш, озиқ-овқат ишлаб чиқаришга рақамли технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва бирламчи қайта ишлашга инновацион ёндашув, чорва маҳсулотларини кўпайтириш, барқарор иқлимни ривожлантириш ва мослаштириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби кенг кўламли мавзулар бўйича очиқ мунозара учун платформа бўлиб хизмат қилди.
ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси сиёсий бўлими раҳбари Миндаугас Качераускис таълим, ер, молия ва технология каби активлардан фойдаланиш ва жараённи назорат қилиш орқали қишлоқ хўжалигида аёллар имкониятини кенгайтиришга чақирди.
– Бу маҳсулдорликни, хотин-қизлар даромади ва қарор қабул қилиш қобилиятини оширади, шунингдек, гендер тенгликни, ижтимоий адолатни рағбатлантиради, – деди у. – Фойда эса авлодларга улашилади, келажакда яхши натижалар намоён бўлади.
Ташкилотчилар қишлоқ хўжалиги соҳасида аёлларнинг роли ва рағбатини оширишга биргаликда ҳаракат қилиш, тажриба алмашиш орқали агросектордаги хотин-қизлар салоҳиятини ошириш орқали ўзаро интеграцияни ривожлантиришга интилишди.
Айниқса, мамлакатимиз аёлларининг қишлоқ хўжалигига қўшган ҳиссаси акс этган ҳужжатли фильм ҳамда иқлим ўзгариши муаммосига мослашиб, ўз ҳудудида соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган қишлоқ аёлларининг ҳикояларини жамлаган рақамли китоб тақдимоти барчада жиддий қизиқиш уйғотди.
БМТТД республикамиздаги доимий вакили вазифасини вақтинча бажарувчи Анас Файёд Кормон бутун дунё бўйлаб қишлоқ аёлларининг қишлоқ хўжалигидаги муҳим ролини таъкидларкан, ҳукуматимизнинг соҳада гендер тенгликни тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатини юқори баҳолади:
– Аёллар ҳар қандай жамиятнинг асоси, айниқса қишлоқ хўжалигида. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ишчи кучининг 40 фоиздан кўпини айнан хотин-қизлар ташкил этиб, улар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашишда муҳим ўрин эгаллайди. Қишлоқ аёллари фаоллигини ошириш орқали биз нафақат гендер тенглик сари қадам
ташлаяпмиз, балки озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам сармоя киритмоқдамиз. Бу йўлда қишлоқ аёллари дуч келадиган муаммоларни самарали ҳал қилиш учун жамоавий имкониятни кенгайтириш, билим, тажриба алмашиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур ва айни муддао.
Ғ.Хонназаров, ЎзА