Аёлларнинг ўрни ва қадри юксалмоқда
Кейинги йилларда юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик, инсон қадрини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юртимиздаги барча аёлларни қувонтирмоқда. Буни аёлларимизнинг меҳнати шахсан Президентимиз томонидан эътироф этилаётганидан ҳам яққол билса бўлади.
Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда қатнашиб, Президентимиз табригида айтилган фикрлар аёлларни бундан кейин ҳам юртимиз равнақи, ободлиги йўлида янада фаол ишлашга ундади, десам муболаға бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Таъкидлаш ўринлики, 2017 йилда хотин-қизларнинг биргина, бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан – 47 фоизга, тадбиркорликда 21 фоиздан – 37 фоизга етганини, 2 минг нафарга яқин билимли, ташаббускор ва фаол аёллар давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилаётгани ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзолари ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатларининг 25 фоизи хотин-қизлар эканини назарда тутадиган бўлсак, Президентимиз таъбири билан айтганда эркин ва фаровон, демократик, мамлакатни барпо этишда хотин-қизларнинг ҳам беқиёс ҳисса қўшаётгани давлат даражасида қадрланмоқда, дейиш мумкин.
Айниқса, сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, “Аёллар дафтари” йўлга қўйилганлиги, хотин-қизлар билан ишлашда “Маҳаллабай” тизимининг жорий этилгани, тадбиркор хотин-қизлар учун имтиёзли кредитлар берилаётгани, олий ўқув юртларида қизлар учун қўшимча квоталар ажратилаётгани ва бир қатор мезонлар бўйича шартнома пулларининг тўлаб берилаётганлиги аёл-қизларнинг доимо эътибор марказида эканлигининг амалдаги ифодасидир.
Президентимиз қизларнинг сифатли таълим олишига тўхталиб, жадид бобомиз Абдурауф Фитратнинг “Оналар – бутун башариятнинг тарбиячиларидир” деган сўзини бежиз ёдга олмади. Чунки илмли аёллар жамиятнинг эртанги эгаларини дунёга келтириб, юртимиз равнақи, фаровон ҳаётимиз йўлида хизматда бўладиган комил инсонларни тарбиялайди. Зеро, аёл бу – гўзаллик, муҳаббат, садоқат ва кучли ирода тимсоли ва шунинг баробарида миллат тарбиячиси. Унга ишонч билдирилса, қайси соҳада бўлмасин албатта, муваффақиятга эришади.
Дилноза Азизова,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш”
демократик партияси Наманган
вилояти Кенгаши раиси,
ЎзА