“Аёлларга кўмак” лойиҳаси – муаммолар ечими
Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган муҳим вазифаларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Тахтакўпир туман Кенгаши томонидан “Аёлларга кўмак” лойиҳаси ўтказилди.
Таъкидланганидек, асосий мақсад, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, ”Ёшлар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқимандалик кайфиятида юрган шахслар муаммоларини бартараф этишда кўмак бериш орқали оилаларни камбағалликдан чиқариш, кам таъминланган, иш билан таъминланмаган, ногиронлиги бўлган инсонларнинг хоҳиш ва қобилиятига қараб касб-ҳунарга ўқитиш, уларга хусусий тадбиркорлик, томорқа хўжаликларини ривожлантириш учун имтиёзли кредит ажратишда кўмаклашишдан иборат.

Лойиҳа доирасида тадбир иштирокчилари “Тахтакўпир” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Тахта чевар қўллари” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, у ердаги аёлларга яратилган шароитлар билан танишди. Жумладан, бу ерда банд бўлмаган аёллар чеварликка ўқитилиб, махсус сертификат берилади. Сертификат олган аёллар шу фабрикада иш билан таъминланади.
Сўнг партия масъуллари ва депутатлар томонидан “Тахтакўпир” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи II гуруҳ ногиронлиги бўлган Ойимхан Ўринбетованинг ҳолидан хабар олинди. У узоқ йилдан буён юрагидаги касаллик безовта қилаётгани сабаб даволаниш учун ордер олишда ёрдам сўради. Шунингдек, А.Ўринбетованинг 2001 йилда туғилган I гуруҳ ногиронлиги бўлган қизига тикув машинаси берилган бўлиб, у кўрпа-тўшаклар ва бошқа рўзғор буюмларини тикиш билан шуғулланиб келмоқда.

Ушбу ҳудудда яшовчи Боғдагул Кобейсинова боқувчисидан айрилган ва онкологик касалликка чалинган. Ногиронликка чиқишига ҳамда ижарада яшаётганлиги сабабли уй билан таъминлашда амалий ёрдам сўради.
Халқ деутатлари Тахтакўпир туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари томонидан ушбу мурожаатларни ижобий ҳал этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди ва амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА