Аёллар тадбиркорлиги қўллаб-қувватланмоқда
Пойтахтимизда Ипотека-банк, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда «Тадбиркор аёл» халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси билан ҳамкорликда «Аёллар тадбиркорлигида рақамлаштириш ва ривожланиш истиқболлари» мавзуида семинар бўлиб ўтди.
Бугунги кунда «Ипотека-банк» АТИБда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, аёлларни тадбиркорликка жалб қилиш орқали моддий қўллаб-қувватлашга доир кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистонда илк бор Ипотека-банк ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда «Марказий Осиёда бизнесдаги аёллар» дастури доирасида 10 миллион АҚШ долларлик кредит келишуви имзоланиб, унинг асосида 106 та аёл тадбиркорларнинг лойиҳалари молиялаштирилди.

Ҳозирда банк филиаллари 50 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектларига хизмат кўрсатмоқда. Шундан 13 мингдан ортиғини тадбиркор аёллар ташкил этади. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 254 та аёлга барча молиялаш манбалари ҳисобидан 80,2 миллиард сўмлик кредитлар ажратилиши ҳисобига 114 та янги иш ўринлари яратилди.
Семинарда минтақамизда хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш соҳасини молиялаштириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарблиги, уларнинг лойиҳаларини амалга ошириш, ўз йўналишида рақамлаштиришга ўтказиш ва жаҳонга чиқиш имкониятларини кўпайтиришда юзага келаётган муаммоларни бартараф этилишида бу каби лойиҳаларнинг ўрни беқиёслиги таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда «Ипотека-банк» АТИБ Кичик ва ўрта бизнес дирекцияси директори Бекзод Мирзаев сўзга чиқиб, аёл тадбиркорларнинг бизнес лойиҳалари доимо банк томонидан қўллаб-қувватланиши, айнан шу йўналишда янги хизмат ва маҳсулотлар яратилишига хизмат қилишига тўхталди. Жорий йилда Ипотека-банк ва ЕТТБ билан ҳамкорликдаги келишувга асосан 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар айнан тадбиркорликни рақамлаштиришга йўналтирилишини айтиб ўтди.
Тадбир давомида ташкилотлардан таклиф этилган масъуллар, тажрибали ишбилармон аёллар иштирокида қизиқарли чиқишлар, тадбиркорликни рақамлаштириш орқали жаҳон бозорларида ўз ўрнига эга бўлиш имкониятлари, шунингдек, аёл тадбиркорлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича йўлга қўйилган «Анор» онлайн платформаси ва Ипотека-банк томонидан аёл тадбиркорлар учун тақдим этилаётган банк маҳсулотлари ҳақида маълумотлар берилди.
Қайд этилганидек, яқин кунларда Ипотека-банк Халқаро Молия корпорацияси ўртасида 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги келишув имзоланиши ва маблағларнинг 25 фоизи айнан аёллар тадбиркорлигини молиялаштиришга қаратилиши белгиланган.
Семинарда тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлган аёлларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, лойиҳа бизнес-режасини тайёрлаш, бухгалтерия ҳисобини юритиш, фаолиятида савдо унумдорлигини ошириш, замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш ва рақамлаштириш каби мавзуларда тажрибали аёл тадбиркорлардан маслаҳатлар олинди.
Шунингдек, қатнашчиларда ўз соҳасида кузатилаётган камчиликларни тўғри бартараф этиш йўллари юзасидан замонавий аёл тадбиркорлар билан юзма-юз суҳбатлашиш имкони ҳам бўлди.
Тадбир давомида Ипотека-банк томонидан аёл тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича тақдим этилаётган банк маҳсулотлари ва хизматлари ҳақида маълумотлар берилиб, фикр алмашилди.
Тадбир якунида иштирокчилар семинар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мазкур семинар жамиятимиздаги кўплаб хотин-қизларимизнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ва янада ривожлантириши орқали ҳаёти янада яхшиланишига, шунингдек, оила иқтисодининг барқарорлигига хизмат қилишини таъкидлади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА