Аёллар спорт фестивали
Сўнгги йилларда аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш орқали саломатлигини мустаҳкамлаш, қизларимизни маънавий-ахлоқий камолотга йўналтириш, жамиятда, оилада ўз ўрнини топиш ва соғлом авлодни тарбиялаш, оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан “Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги” доирасида ва 8-март Халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан “Спорт – саломатлик ва гўзаллик манбаи” шиори остида спортнинг 7 тури, жумладан, волейбол, баскетбол, стол тенниси, енгил атлетика, шахмат-шашка турлари бўйича беллашувлар ўтказилди. Спорт тадбири негизида иштирокчиларни соғломлаштириш ҳам кўзда тутилган бўлиб, ҳудудлардан жалб этилган иштирокчилар орасида спорт билан мунтазам шуғулланувчиларнинг ҳам кўплиги мусобақаларда яққол кўзга ташланди.
–Вилоятимиздаги хотин-қизларни оила ва жамиятда фаол бўлишларида спортнинг ҳам ўрни катта, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Наргиза Тожибоева. – Чунки спорт билан мунтазам шуғулланиш инсонни чиниқтиради. Айниқса, аёллар саломатликларини мустаҳкамлаш мақсадида турли хил спорт беллашувларини ўтказиш анъанага айланган.
Спорт турлари бўйича беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Гулистон тумани ғолиб деб топилди ва I-даражали диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, ҳар бир иштирокчи ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Мазкур спорт тадбирида туман ва шаҳар саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган 110 нафар хотин-қизлар иштирок этди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА