Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳузуридаги “Аёллар қаноти” нинг V ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди.
Унда кейинги беш йил давомида олиб борилган ишлар муҳокама қилинди.
Дастлаб “Аёллар қаноти” раиси Улбосин Сейтжанова ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, шу кунга қадар партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши таркибида 73 минг нафарга яқин аъзоси бўлиб, шундан 39 минг нафари хотин-қизлардан иборат. “Аёллар қаноти” аъзоларидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 5 нафари, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига 26 нафари депутат этиб сайланган. Шунингдек, аъзолар орасида 20 нафардан зиёд фан номзоди, 6 нафар фан доктори ва 100 нафардан ортиғи эса турли ташкилот ва таълим муассасаларининг раҳбарлари, 3 нафари Зульфия номидаги давлат мукофоти совриндори ҳисобланади.
Партия фаоллари томонидан "Аёллар дафтари" ва "Темир дафтар"га 173 нафар хотин-қизнинг киритилишига амалий ёрдам берилган. "Бир адолатчи - юзта аёлга ҳимоячи" лойиҳаси доирасида учрашувлар, давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилиб, унда жами 12 минг 788 нафар хотин-қиз қамраб олинди.
Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида республиканинг барча ҳудудий Кенгашлари фаоллари ва депутатлари ёрдамида 239 нафар ишсиз хотин-қизнинг ишга жойлашишига кўмак берилди. Бундан ташқари, “Аёллар қаноти” томонидан турли кўринишдаги “Она ва бола саломатлигига эътибор, “Аёлларни асрайлик”, “Янги Ўзбекистонда гендер тенглик масалаларига янгича ёндашув” мавзуларида тадбирлар, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида тиббий кўриклар ўтказилиб, хотин-қизлар орасида аниқланган муаммолар бўйича сессияларга 31та масала киритилди.
Партия веб-сайтида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари, шунингдек, “Аёллар қаноти” томонидан ўтказилган тадбирлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилди.
Конференция якунида тегишли масалалар бўйича қарорлар қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири