Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида хотин-қизларга муносабат, аёлларга муносиб ҳаёт шароитларини яратиб бериш, уларнинг муаммоларини тизимли ўрганиш, меҳнат фаолияти ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш масалаларига жиддий эътибор қаратилди.
Дарҳақиқат, ўтган йили аввалги йиллардан фарқли равишда, мураккаб бир даврга тўғри келди. Бутун инсоният тарихда мисли кўрилмаган бало –коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш билан машғул бўлди.
90 миллионга яқин инсон унга чалинган бўлса, қарийб 2 миллион одам қурбон бўлди, кўрилган зарар миқдори 4 триллион доллардан ошиб кетди. Нобуд бўлганларнинг ўзи сайёрамиздаги кичикроқ давлат аҳолисига тенгдир.
Пандемия туфайли дунё миқёсида ярим миллиард инсон иш ўрнини йўқотди. Албатта, бунда энг катта зарарни хотин-қизлар, фарзандли ва боқувчисини йўқотган аёллар кўрди, десак бу ҳам хато бўлмайди.
Юртимизда хотин-қизлар бир неча йўналишларда қўллаб-қувватланмоқда.
Биринчидан, Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар ва ёшлардан ташқари, аёллар билан манзилли ишлашга қаратилган “темир дафтар” тизими орқали қисқа муддатда 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Иккинчидан, сўнгги 4 йилда кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси икки баробар ортиб, 60 фоизга етказилгани, боғчалар сони ҳам уч баробар кўпайиб 14 мингга етказилгани ҳам уйда асосан бола тарбияси билан машғул бўлиб қолаётган аёлларимизга катта енгиллик беради.
2023 йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 75 фоизга етказиш ғояси жуда катта режадир. ЮНИСEФ ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели йўлга қўйилиши хотин-қизларимизга янги имконият эшикларини очади.
Учинчидан, ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етказилди.
Эътиборли томони уларнинг аксарияти қиз болалар экани бизни чексиз қувонтиради. Олий маълумотли дипломга эга ҳар бир қиз ҳаётда ўз ўрнини топиши, келгусида ижтимоий фаол инсонга айланишини даврнинг ўзи тасдиқлаб турибди.
Бундан ташқари, эҳтиёжманд оилаларнинг мингга яқин қизлари илк бор олий ўқув юртларига алоҳида давлат грантлари асосида қабул қилингани давлатнинг эътиборга муҳтож оилаларга кўрсатаётган чексиз рағбати ифодасидир. Бу йил улар миқдори икки ҳисса оширилиши эса ҳаётга катта умид билан боқаётган бундай тоифадаги қизларимиз қалбини тоғдай кўтарди.
Тўртинчидан, хорижда адашиб, ўз йўлини йўқотган ва қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида навбатдаги “Меҳр-3” операцияси амалга оширилди. Суриядан яна 98 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар Ватанимизга олиб келингани бунинг яққол тасдиғидир.
Улар шунчаки олиб келингани йўқ, балки бу ерда ҳам чуқур психологик ёрдам кўрсатилиб, қобилиятига яраша ишга жойлаштирилиб, мавжуд муаммоларига ижобий ечим топилмоқда.
Мен ўзим Тошкент шаҳар Зулфия номидаги Давлат комиссияси ва Мактабгача таълим вазирлиги қошидаги Жамоат Кенгаш аъзоси сифатида тизимли ғамхўрликни ўз ҳаётимда чуқур ҳис қилиб келмоқдаман.
Албатта, Ўзбекистон Раҳбарининг гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ҳаракатлари жорий йилда ҳам изчил давом эттирилади ва биз олима аёллар белгиланган вазифалар доирасида ўзимиз учун алоҳида “Йўл хариталари”ни ишлаб олдик. Албатта, илмий доиралар вакиллари ҳам уларни тўлиқ ижросини таъминлаш учун қўл қовуштириб ўтирмасдан, янада фаоллик ва жонбозлик кўрсатиши зарур.
Эътибор Султанова,
ЖИДУ профессори, сиёсий фанлари доктори