Аёллар футболи: Олий лига
Чемпионликка даъвогарлар очко йўқотди
Аёллар футболи бўйича Ўзбекистон чемпионати олий лига жамоалари ўртасидаги 9-турнинг марказий учрашувида Тошкетнинг “Бунёдкор-W” хотин-қизлари Қаршининг “Севинч-W” клубини қабул қилиб, ўйин кутилганидек кескин, муросасиз баҳсларга бой курашлар остида ўтди.

Учрашувнинг 20-дақиқасида майдон эгаларидан Камола Рисқиева қашқадарёлик қизлар дарвозасига тўп киритиб, ҳисобни очди – 1:0. Жорий мавсумдаги биринчиликда чемпионликка асосий даъвогарлардан бири саналаётган Қаршининг “Севинч-W” клуби футболчи қизлари баҳснинг 54-дақиқасида Нилуфар Қудратова ўртадаги мувозанатни тиклади. Ўйиннинг қолган дақиқаларида ҳар икки жамоада тўп киритиш имконияти яратилган бўлсада, дарвозаларга бош тўп киритилмади. “Бунёдкор-W” – “Севинч-W” якуний ҳисоб – 1:1.

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони, мамлакат кубоги соҳиби ва чемпионат карвонбошиси Жиззахнинг “Сўғдиёна-W” клуби ушбу 9-турни Тошкент шаҳрида маҳаллий “Пахтакор-W” жамоаси аёлларига қарши ўтказди. Айтиш жоизки, ўйиннинг биринчи бўлими, гарчанд жамоаларнинг турнир жадвалидаги эгаллаб турган ўрни бир-бирларидан тубдан фарқ қилсада, деярли тенг курашлар остида ўтди ва ҳисоб ҳам жамоаларнинг ўйинига яраша 0:0 ва жамоалар танаффусга чиқди.
Жиззахликларнинг тажрибали мураббийи Шерали Бобоқулов танаффусда ўз шогирдларини бутунлай янги тактикада майдонга чиқаргани иккинчи бўлимнинг илк дақиқалариданоқ уларнинг ўйинида яққол сезилди.
Меҳмон жамоа – “Сўғдиёна-W” клуби қизлари кетма-кет “Пахтакор-W” жамоаси дарвозаси олдида хавфли вазиятларни содир эта бошлади. Баҳснинг 51-дақиқасида бу устунлик ҳисобда ҳам ўз аксини топди. “Сўғдиёна-W” ва Ўзбекистон чемпионати тўп урари Диёрахон Ҳабибуллаева ўзининг навбатдаги голини киритиб, ҳисобни очди – 0:1.
Шундан сўнг жиззахликларнинг ўйини янада очилди.
Учрашувнинг 58- ва 82-дақиқаларида Нозима Камолтоева ҳамда 85-дақиқасида яна ўша тиниб-тинчимас Диёрахон Ҳабибуллаеваларнинг ҳар бири 2 тадан гол киритиб, “дубуль” қайд этган бўлса, Шаҳноза Қурбонова ҳакам томонидан қўшиб берилган 90+1-дақиқада ўртадаги фарқни яна оширди – 0:5.

9-турнинг қолган учрашувлари қуйидаги натижалар билан якунига етди: “Қизилқум –W” (Навоий) – “Локомотив-W” (Тошкент) – 2:1, “Навбаҳор-W” (Наманган) – “Металлург-W” (Бекобод) – 0:3, АГМК-W (Олмалиқ) – “Нефтчи-W” (Фарғона) – 2:1.
“Бунёдкор-W” ҳамда “Севинч-W”нинг ўзаро баҳсдаги дуранги “Пахтакор-W”ни меҳмонда йирик ҳисобда доғда қолдирган “Сўғдиёна-W” очколари сонини 25 тага етказиб, “Бунёдкор-W”дан 3, “Севинч-W”дан 5 очкога илгарилаб кетди. Чемпионатимиз аутсайдери эса ҳамон Наманганнинг “Навбаҳор-W” жамоаси бўлиб, наманганлик қизлар 9 ўйиндан атиги 1 очко жамғарган ҳолда охирги ўринда бормоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА