Аёллар доимо давлатимиз ва халқимиз ардоғида
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Муҳташам” тантаналар мажмуасида фаол хотин-қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар бекалари, табаррук онахонлар иштирокида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Хуршид Тоҳиров иштирокчиларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этди. Бугунги кунда хотин-қизлар туманнинг ижтимоий-сиёсий, сиёсий-иқтисодий ҳаётидаги барча соҳалар хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, фан, таълим, маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганлиги туман ҳокими томонидан алоҳида таъкидланди.

Қайд этилганидек, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган эзгу тамойил асосида биргина ўтган 2022 йилда туманда 3 300 дан ортиқ хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Боқувчисини йўқотган аёлларнинг фарзандлари учун боғча харажатлари бюджетдан қопланди. “Ёшлар дафтари” га киритилган 251 нафар талаба қизларга шартнома пулларининг ярми тўлаб берилди.

Аёллар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 13 минг нафардан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Оилавий тадбиркорлик орқали ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган 1650 нафар ишсиз хотин-қизларга 16 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. 658 нафар аёлларга замонавий тикув машиналари, 49 нафарига инкубатор берилди. 69 нафарига иссиқхоналар субсидия асосида қуриб берилди. Уй-жойи таъмирга муҳтож 25 нафар хотин-қизларнинг хонадонлари таъмирлаб берилди.Уй-жойга муҳтож бўлган 18 нафар хотин-қизларга эса уй-жой ажратилди.

Ўз меҳнати билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозонган туман хотин-қизлари меҳнати ҳамиша давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб келинаётганлиги айтилди. Ўтган давр мобайнида ўзининг фидокорона меҳнати туфайли давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган хотин-қизларнинг номлари бирма-бир ёдга олинди. Жорий йилги байрам арафасида улар сафига Президентмизнинг "8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида" ги фармонига асосан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган “Хосиятли Қоракўл нури” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ражабова Марҳабо Муҳаммадиевна ва ўзининг узоқ йиллик самарали меҳнати билан оилаларнинг шаклланишига ва мустаҳкамланишига қўшган муносиб ҳиссаси учун “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига муносиб кўрилган Дўрман маҳалласида яшовчи Салимова Зулфия Ҳамдамовналар ҳам қўшилгани алоҳида эътироф этилди.

–Фурсатдан фойдаланиб ушбу қутлуғ байрам арафасида давлатимизнинг юксак орден ва нишонлари билан тақдирланган икки нафар тумандошларимизни ушбу юксак эътирофлар билан туманимиз фаоллари, кенг жамоатчилик ҳамда ўз номимдан муборакбод этаман,– деди туман раҳбари ўз табригида.
Шундан сўнг туманнинг иқтисодий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаол хотин-қизлар туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири