Тошкент вилоятида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ҳудудлардаги секторлар томонидан “Аёллар дафтари”га 37 минг 709 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар киритилган эди.
Вилоятда жорий йилнинг 1 сентябрига қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган фуқаролардан ташқари барчани мазкур дафтардан чиқариш бўйича чора-тадбирлар белгилаган. Шунингдек, биринчи ярим йиллик якунига қадар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 677 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратиш белгиланган. Жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 419 миллиард, “Фермерлар жамғармаси” дастури бўйича 25 миллиард, ҳунармандчилик йўналишида 27 миллиард, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан 97 миллиард сўм ажратилади.
Ўрта Чирчиқ туманидаги “Майрамкўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Гулиса опа Билданова “Аёллар дафтари”да рўйхатга олинган 28 нафар аёллардан бири эди.
Оила ташвишларини матонат билан енгаётган қаҳрамонимиз аввалига субсидия асосида берилган 7,5 миллион сўм кредитга мўъжазгина иссиқхона барпо этиб, қишин-ёзин сабзавот ва кўкатлар етиштириш билан шуғулланди. Кўкатлардан кейин рўзғорга, ортгани бозор учун помидор экиб, оиласига барака киритди. Гулиса опа хусусий товуқ фермасида 8 йил ишлаб, тажриба орттирган. Бундан икки ой олдин унга туман ҳокимлиги томонидан ажратилган 33 миллион сўм кредит эвазига 550 дона “Новиген” зотдор товуқлари келтириб берилди. Гулиса опа имкониятдан унумли фойдаланиб, тадбиркорлик кўникмалари бўйича олган билимлари ва ҳаётий тажрибасини қўллаб, илк натижаларни қўлга киритмоқда.
Хусусан, 18 миллион сўмга инкубатория сотиб олиб, бир бор тухум қўйишда 1 минг 200 донадан жўжа чиқара бошлади. 3 кунлик тетик, зотдор жўжаларнинг харидори чаққон бўлмоқда. Қолаверса, 550 дона товуқларнинг барчаси тухум қилади.
Пискент тумани Мўминобод маҳалласида яшовчи Гулбаҳор Норматова ҳам ишсизлиги туфайли “Аёллар дафтари”га киритилган эди. Тикиш-бичишни ўрганган аёл чеварликдан даромад манбаи сифатида фойдаланишни ўйлади. Бунда ҳокимият, прокуратура ва маҳалла масъуллари яқиндан кўмаклаш.
– Кўпчилик мендан чеварликни ёшликда ўрганганмисиз, деб сўрайди, – дейди якка тадбиркор, 57 ёшли Гулбаҳор Норматова. – Оддийгина уй бекаси бўлганим учун бирор ҳунарим ҳам йўқ эди. 5 фарзандни катта қилиш, ўқитиб, уйли-жойли қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Болалар вояга етиб қолгач, ҳаётимизни яхшилаш учун ўзим ҳам ҳаракат қилишим кераклигини тушуниб етдим. Тўғри чок билан бешик анжомларини тикишни бошлаганман.
Дастлаб ўз хонадонида қўшни уй бекалари билан иш бошлаган Гулбаҳор опа бугун 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини – "Пискент Файз Барака" оилавий корхонасини ташкил қилди. Хомашё ва замонавий тикув дастгоҳлари харид қилди. Туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев кўмагида тикув цехи учун собиқ коллеж биносидан бепул жой ажратилди. Ҳозир корхонада 8 нафар чевар аёл буюртмалар асосида бири-биридан бежирим либослар тикмоқда.
Дарҳақиқат, чевар, пазанда, ишбилармон хотин-қизларимиз кўп. Биргина Пискент тумани бўйича ҳозиргача “Аёллар дафтари”га рўйхатга олинган хотин-қизлардан 171 нафари имтиёзли кредит олиб, тадбиркорликни йўлга қўйди. “Аёллар дафтари” рўйхатидан чиқиб кетди.
Бир сўз билан айтганда, бундай эътибор ва ёрдам аёлларнинг истеъдодини, имкониятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этаётир.
А.Мусаев, ЎзА