“Аёллар дафтари”: хотин-қизлар энди ишсиз эмас
Бандлик дастури амалда
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилоят Кенгаши томонидан вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга кўрсатилаётган амалий ёрдамлар ва Кенгашнинг 2021 йилда амалга оширган ишлари, 2022 йилдаги устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 8 октябрда ўтказилган жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш, бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги видеоселектр йиғилишида мамлакатимизда хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш масаласи бевосита Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси зиммасига юклатилган эди.
Унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун махсус комиссия тузилиб, “Аёллар дафтари” тизими устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.
Маълум қилинишича, “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар билан самарали иш олиб бориш мақсадида Навоий вилоятида 201 минг 954 нафар хотин-қизнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари анкета-сўровномалар орқали хатловдан ўтказилган.
1-босқичда ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ёрдамга муҳтож 12 минг 827 нафар ва 2-босқичда 15 минг 265 нафар, жами 28 минг 92 нафар 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қиз бевосита “Аёллар дафтари”га киритилди ва руйхатга олинганлар муаммо ва қизиқишларига қараб 9 тоифага ажратилди.
– Жамоатчилик тузилмаларининг бевосита ҳудудий ҳокимликлар билан тизимли ҳамкорлиги йўлга қўйилганлиги боис, “Аёллар дафтари”га киритилган барча хотин-қизлар тўлиқ қамраб олиниб, уларга амалий ёрдамлар берилди, 1- ва 2-босқичларда 1-тоифага киритилган 14 463 нафар хотин-қизлнинг бандлиги таъминланди, – дейди Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Н.Тоғаева. – “Аёллар дафтари”ни юритиш ва шу билан уларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш ишлари 2022 йилда ҳам давом эттирилмоқда. Январь ойидан бошлаб вилоятдаги мавжуд 330 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг барчасида 8 кишидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари 30 ёшдан юқори бўлган 215 минг 717 нафар хотин-қизни анкета сўровномалари орқали рўйхатдан ўтказиш ишларини якунлади.
Матбуот анжуманида 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва 2022 йилдаги устувор вазифалари тўғрисида ахборот берилди.
2021 йил якунлари бўйича вилоятдаги касаба уюшмалари аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларнинг 99,7 фоизи ва уларда ишловчи 170 214 нафар ходим жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинди.
Касаба уюшмасининг асосий йўналишларидан бири бўлган ҳуқуқий соҳада халқ билан мулоқот қилишнинг самарали механизмларини амалга ошириш орқали жисмоний ва юридик шахслардан 235 та мурожаат келиб тушган бўлиб, барчаси атрофлича ўрганиб чиқилди.
[gallery-5866]
– Навоий вилоят Кенгаши томонидан иш берувчиларга меҳнат қонунчилиги бузилишини бартараф қилиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича судларга 16 та даъво ариза киритилиб, 13 та даъво аризаси қаноатлантирилди ва ишчи ходимларларга жами бўлиб 200 миллион сўмдан ортиқ маблағлар ундириб берилди, – дейди Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси ўринбосари Н.Исоқов. – Шунингдек, суд, прокуратура, солиқ органлари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат қонунчилигини қўллаш билан боғлиқ бўлган муаммоли ҳолатларига доир ёзма сўров хатларига асосан 13 та хулоса тақдим этилди.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тадбиқ этиш уларни оммавий спортга жалб этиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан 40 дан ортиқ вилоят ва туман миқёсидаги спорт тадбирлари ўтказилди. Юртимиздаги тарихий ва диққатга сазовор жойларга саёҳатлар ташкил этилди.
Кенгаш томонидан хотин-қизлар учун доимий иш ўрни яратиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 110 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлаш мақсадида 3 та янги бизнес лойиҳага 3,1 миллиард сўм маблағ ажратилди.
2022 йилда кооперация усулидаги тадбиркорликни ривожлантириш бўйича вилоятда жами 16 та лойиҳа асосида ишлар амалга оширилиб, 40 миллиард 255 миллион сўм маблағ ажратилди.
Матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА